Мақолалар

Рамазонда дуо ижобат бўладиган вақтлар

Рамазон — чексиз неъматлар ато этувчи ва гуноҳлардан покланиш ойидир. Рамазон ойида Аллоҳ таолога дуолар ила илтижо қилиш мўминнинг муҳим ибодатларидан биридир. Рамазон ойида Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатларни қилганлар бандаларининг гуноҳларини Яратган албатта кечиради.

Бу ойда энг афзал ва энг самарали амаллардан бири бу дуо қилишдир. Шундай экан, Рамазон ойида имкон қадар Аллоҳ таолога дуо қилиш лозим.

Мўмин дуо қилганида бошқа фойдалар билан бирга, ўз дуоси учун катта ажр олади, чунки муборак Рамазонда Аллоҳ таоло рўза тутганларнинг ибодатларини рад этмайди. Шунинг учун бу ойда ҳар биримиз тез-тез дуолар билан Аллоҳ таолога юзланишимиз керак бўлади.

Рамазон ойининг исталган вақтида дуо қилиш мумкин ва Аллоҳ таоло уларни қабул қилади. Бироқ бу ойда ҳам шундай пайтлар борки, бу вақтда ибодатлар билан Яратганга мурожаат қилинганда дуолар қабул бўлиш эҳтимоли анча ортади:

1. Оғиз ёпиқ вақтда

Дуо кечаю кундуз ўқилиши керак, зеро, бутун Рамазон ойи айнан дуо ойидир. Бироқ, Аллоҳ таоло учун рўза тутганларнинг дуоси қабул бўлади, чунки рўза дуоси рад этилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўзадорнинг ифтор қилгунига қадар қилган дуоси, адолатли ҳукмдорнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. (Имом Аҳмад, 8043; Ибн Можа, 1752; Термизий, 3598; Ибн Ҳиббон, 3428).

Имом Нававий бу ҳақда ўзининг “Ал-Мажмуъ Шарҳул Муҳаззаб” китобида шундай ёзади:

“Рўзадор рўза тутган вақтида дуо қилиши, охират ва дунёнинг муҳим ишларини Аллоҳ таолодан сўраши тавсия этилади. Ҳатто ўзидан ташқари барча яхши кўрган кишилари ва барча мусулмонлар эҳтиёжи учун ҳам сўраши мумкин. Дарҳақиқат, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўза тутганнинг дуоси, токи у рўзасини бузмагунича…», дедилар. Бу ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ва Термизий уни ҳасан ҳадис, деган.

Ҳадисдан англашиладики, рўзадор куннинг бошидан охиригача дуо қилиши мақсадга мувофиқ, чунки одам шу вақт давомида (кундузи бутун кун давомида) рўза тутган ҳисобланади.

2. Тонг отгунга қадар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: “Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қилсам? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини берсам? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечирсам», дейди». (Бухорий, 7494; Муслим, 758).

Бу ҳадиснинг фақат Муслим томонидан берилган шаклида:

“… ва бу тонг отгунча давом этади”, дейилган.

3. Ифторлик вақти

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

“Албатта шундай дуо борки, агар рўзадор ифтор пайтида у билан Аллоҳга тавба қилса, рад этилмайди”. Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган Ибн Абу Мулайка Абдуллоҳнинг ифторлик пайтида шундай деганини эшитганлигини қўшимча қилади:

«Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсани қамраб олган раҳматинг ила мени мағфират қилишингни сўрайман». (Ибн Можа, 1753; Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 481)

Ифтор чоғида мўмин оч, ташна ва ожиз бўлиб, ўзининг нақадар ожизлигини англаб етади ва қалбида тавозеъ билан қилган дуоси қабул бўлиши эҳтимоли кўпроқ.

4. Қадр кечасида

Ҳар қандай ибодат каби, бу кечада Аллоҳ таолога дуолар билан мурожаат қилиш минг ой дуо қилиш билан баробардир. Бундай дуонинг кучини тасаввур қилиб кўринг! Бу муборак кечада фаришталар ерга тушиб, мўминларни ўраб оладилар ва уларнинг ҳар бир намозидан кейин «амин»ни такрорлайдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ё Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.

«Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар». (Имом Аҳмад, 35497; Ибн Можа, 3850; Термизий, 3513; Ан-Насоий, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 876).

5. Қуръон ўқишни тугатгандан кейин

Рамазон — Қуръон ойидир. Солиҳ салафлар бу ойда Қуръон ўқишга урғу бериб, бошқа вақтларга қараганда бу ибодатга кўпроқ эътибор қаратганлар.

Шунинг учун Рамазон ойида имкон қадар тез-тез Қуръон ўқишимиз тавсия этилади ва Қуръон ўқиш (хатм) охирида биз Аллоҳ таолога ўзимиз ва оиламиз, қариндошларимиз ва дўстларимиз учун барча яхшиликларни тилаб дуолар билан мурожаат қилишимиз мумкин.

Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Қуръон ўқишни тугатмоқчи бўлганларида, оила аъзоларини йиғиб, улар учун дуо қилдилар». (Табароний, «Ал-Муъжам ал-кабир», 674; Ад-Доримий, 3517).

Айни дамда мўминнинг дуоси билан Аллоҳ таолонинг раҳмати ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Қуръонни тўлиқ ўқиган (хатм қилган)нинг дуоси қабул бўлади». (Табароний, “Мужм ал-кабир”, 647).

Рамазон ойида Аллоҳга таолога ибодат қилишда мўмин киши жидду жаҳд қилиши, кўпроқ дуо қилиб, сиз энг муҳим нарсаларни сўраши лозим. Албатта сўралган нарсаларнинг барчаси охиратимиз учун фойдали амаллар бўлиши лозим.

Read 990 times

Мақолалар

Top