Мақолалар

 Ислом ‒ поклик дини. Поклик эса ‒  имон белгиси. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа поклик ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган. Чунки поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун, аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши талаб қилинади. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши, ҳатто, ибодат жойи ҳам пок, турли катта-кичик нажосат ва нопокликлардан холи бўлиши керак.

Покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди. Поклик ‒  чин инсонийлик кўзгуси. Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўз каломида шундай деб хабар беради:  “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”. Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада яна шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолат узра ташлаб қўювчи эмас. У ҳали пок киму, нопок ким ажрим этади. Аллоҳ сизларни илми ғайбдан хабардор қилмади, лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! Имон келтириб, тақволи бўлсангиз, сизларга (охиратда) буюк мукофот (бордир)” (Оли Имрон сураси, 179-оят).

Поклик ва озодалик даражаси нақадар улуғлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам яхши билишимиз мумкин: «Албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни севади, покизадир, покизаликни севади, саховатлидир, саховатни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади».

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънат  олиб келадиган амалдан эҳтиёт бўлинглар: Сув ҳавзаларига, йўл ўртасида ва одамлар салқинланаётган жойларда қазойи ҳожат чиқаришдан”, – деб огоҳлантирганлар».

Ушбу ҳадиси шариф бебаҳо илоҳий неъмат сув ҳавзаларини, одамлар фойдаланадиган кўча ва йўллар ҳамда соя салқин жойларни эҳтиётлаб сақлаш муҳим эканлигини яна бир бор таъкидлайди.

Бундан ташқари, жамоат жойларида, ўқув даргоҳларида, кенг жамоатчилик фойдаланадиган метро, автубос, йўналишдаги автоуловларда ҳам тозаликка риоя қилишимиз лозим. Уларга писта пўчоқлари ва маиший чиқиндиларини ташлаб, ифлос қилмаслигимиз даркор. Ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро, поклик имондандир, деб ҳадисда бежизга айтилмаган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Уй ва ҳовли саҳналарингизни тозалаб саранжом саришта қилинглар”, – деб буюрганлар (Термизий ривояти).

Ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман  ҳовли жойларда ахлатни тўпламаслик ҳам лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Уй ичини, идиш-товоқларни, кийим ва жиҳозларни ҳам тоза сақлаш зарур. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар кўз ўнгида жирканч ва ифлос ҳолда юришдан сақланиш талаб этилади.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига: “У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди” (“Бақара” сураси, 22-оят).

Ҳожатхонага киришнинг ҳам ўзига хос амалий ва маънавий тартиблари бор: бу ерга кираётганда Шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки унга орқа ўгириб ўтирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Ҳожатхонага бошяланг, ялангоёқ кирилмайди. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи бўлса чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса пешоб қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак.

Динимизда ғуслнинг ҳам талай тартиб-қодалари бор.

Соф табиат суннатлари ‒ қуйидагилардан иборат: мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисмини қириб, тозалаб юриш;  тиш ва оғизни тозалаб юриш; бурунга сув олиб тозалаш; тирноқларни қисқартириш; баданнинг букиладиган (бўғим, қўлтиқ ости, киндик) жойларини яхшилаб ювиш;  қўлтиқдаги юнгларни юлиш;  қовуқдаги юнгни қириш; сув билан истинжо қилиш; ўғил болаларни хатна қилдириш. 

Тирноқни олиб туриш лозим. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш, айрим аёллар ўйлаганидек, мутлақо зийнат саналмайди. Қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришга тўғри келади. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш зарур.

Динимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган.

Соч қўйган киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим. Зеро пайғамбар (с. а. в.) бир ҳадиси муборакларида:  «Кимни сочи бўлса (уни яхшилаб парвариш) қилсин»,деганлар.

Суюқлик ичаётган киши идиш ичига нафасини туширмаслиги керак. Синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда таом ёки суюқлик истеъмол қилинмайди, чунки у ерда йиғилиб қолган микроблар таомга аралашиши ва натижада касаллик келиб чиқиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни солиҳ ҳаёт кечиришимиз, ибодатларимизни адо этишимиз, Ўзига бандалик қилишимизда ҳамиша пок, тоза бўлишга муяссар айласин, имонимизнинг ярми саналган поклик масалаларига эътиборли бандаларидан қилсин, ибодатларимизнинг комил бўлишини насиб айласин, омин!

Абдулғафур Раззоқ Бухорий,

Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 964 times

Мақолалар

Top