Мақолалар

Кимни яхши кўрасан?

Ота-она фарзанд учун гўзал тарбия, чиройли ибрат тимсолидир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол ҳам ота-онанинг фарзанд тарбияси борасидаги ўрни беқиёс эканини билдиради. Бу хусусда қуйидаги ҳадис машҳур: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Бас, уни ота-онаси ё яҳудий ё насроний ёки маъжусий қилиб улғайтиради”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Ақида китобларида “фитрат” оппоқ қоғоз дея таърифланади. Демак, оқ қоғозга ҳақиқий, тўғри тарбия асослари ёзилса, албатта бу келажакда ўз самарасини беради. Ота-онанинг ҳар бир ҳолати, гаплари фарзанд хотирасига муҳрланади. Сўнг фарзанд ҳам ота-онасидек гапиришга, улардек хатти-ҳаракат қилишга интилади. Бу борада, албатта, ота-онанинг ўзи ибрат бўла олиши керак. Баъзида отанинг фарзандидан: “Кимни кўпроқ яхши кўрасан, меними ёки онангними?” дея сўраётганига гувоҳ бўламиз. Шу ҳолатда ота: “Мен сенга қанча совғалар олиб бераман, мени яхши кўрасан-а?”, дейди. Она эса: “Мен сенинг ҳамма айтганларингни қиламан, мени танла”, дейди… Бола бу вазиятда қийин аҳволга тушиб қолади. Руҳиятшуносларнинг таъкидлашича, бундай саволлар болани қийнаб, руҳиятига салбий таъсир қилар экан…

Биз ўзи кимни кўп яхши кўришимиз керак? деган саволни ўзимизга берайлик-чи? Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: кимга Аллоҳ ва унинг Расули бошқа нарсалардан кўра суюклироқ бўлса, кимки бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва кимки Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олгандан кейин куфрга қайтишини худди дўзахга ташланишини ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Агар бирор нарсалар берилгани учун бирор кимни кўпроқ яхши кўришимиз керак бўлса, Аллоҳ таолонинг бизга берга неъматларини санаб адоғига ета олмаймиз. Аслида мана шу меҳрибон ота-оналаримзни ҳам бизларга Аллоҳ таоло берган! Ҳар биримиз, авваламбор, қалбимизда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳга бўлган муҳаббатни ҳосил қилишимиз лозим. Сўнг ана шу муҳаббат уруғларини фарзандларимиз қалбига ҳам соча оламиз. Муҳаббат ҳосил қилиш учун эса муҳаббат қилувчимизни яхшилаб танишимиз керак. Танимаган, билмаган одамга меҳрли бўлиш қийин. Демак, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини яъни Холиқлигини (йўқдан бор қилиб бизни мукаррам инсон қилиб яратганини), Раззоқ (биз қанчалар гуноҳ ишлар қилсак-да, бизларга ризқимизни доим етказишини), Ғофур (биз хато қилсак-да, бизни кечириши, ҳаммани олдида шарманда қилмаслигини), Ҳафиз (бизни ёмонликлардан асрашини) чорасиз қолган вақтларимизда, ёрдам сўраб узатган қўлларимиз ҳавода қолиб кетган вақтда бизни энг қийин вазиятларимизни осон қилиб берувчи ягона зот Аллоҳ таоло эканини чин дилдан билиб ҳис қилсак, албатта, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади ва бу муҳаббатимизнинг нури бутун ҳаётимизни, охиратимизни ёритишга етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳосил қилиш учун ҳам уни ҳақиқий бир илм билан танишимиз лозим. У зотнинг меҳрибонлиги, тўғри сўзлиги, омонатдорлиги, сахийлиги, барчага бирдек муомала қилиши, кечиримлилиги, умматига бўлган меҳри, бошқаларнинг дарди билан ёниши каби гўзал хислатларидан ибрат олмоғимиз даркор.

Биз ота-оналар у зотни аввал ўзимиз яқиндан таниб, яхши кўриб сўнг фарзандларимизга ҳам таълим беришимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-онамизни ажратмай баробар яхши кўришимиз кераклигини, ота-онамиз бизга яхшилик қилмаса-да, уларга эзгулик қилишимиз лозимлигини таълим берган устоздир.

Шундай экан, биз энг кўп Аллоҳ таолони ва унинг Расулини яхши кўришимиз керак! Шундагина фарзандларимиздан: “Кимни яхши кўрасан?” деган саволимизга “Аллоҳни ва Унинг Расулини” деган гўзал жавобни эшитамиз.

Жозиба ЖАМОЛ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Read 6729 times

Мақолалар

Top