Мақолалар

Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари

Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда иймонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин ушбу сура ўқилади.

Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Read 799 times
Tagged under

Мақолалар

Top