Мақолалар

Ҳаловатли ҳаётнинг уч асоси

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).

Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзаро муносабатларда адолатга риоя қилишга ва зулм қилмай, ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини етказишга ва эзгу ишларни амалга оширишга буюради. Бу оятда дунё низомини сақлаб турадиган асосий хусусларга эътибор қаратилган. Уларнинг учтасини қилишга буюрилган, бунинг акси бўлган уч ёмон ишдан қайтарилган. Буюрилганлари: адолат, эҳсон ва қариндош-уруғларга ёрдам бериш. Қайтарилган ишлар: фаҳш – бузуқлик, мункар ва зулм.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) оят матнидаги “адолат”дан мурод Аллоҳнинг ягоналигига гувоҳлик бериш, “эҳсон” – эзгу ишлар, яъни “фарзларни адо этиш”, “фаҳш-бузуқчилик”ни “зино”, “бағй”ни эса “зулм”, дея тафсир қилганлар.

Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) “адл” (адолат)ни рад этмай Аллоҳнинг яккаю ягоналиги ва Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига иқрор бўлиш, “эҳсон”ни инсонларга яхшилик қилиш ва улардан содир бўлган ёмонликларни афв қилиш, деб тафсир қилган.

Оятдаги “эҳсон” сўзи луғатда икки хил маънода келади: биринчиси, бирор ишни чиройли шаклда бажармоқ, иккинчиси бир кишига яхшилик қилмоқ. Тилимизда у ана шу иккинчи маънода ишлатилади. Оятдаги “эҳсон” эса ҳар иккала маънода тафсир қилинган. Бу тушунчага энг тўғри таърифни, шубҳасиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан билишимиз мумкин. Жаброил (алайҳиссалом)дан у зотдан “эҳсон” ҳақида сўраганида: “Эҳсон, Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар сен уни кўрмаётган бўлсанг, у сени кўриб туришини билишинг” (Имом Бухорий ривояти) деб жавоб берганлар.

Аллоҳ таоло адолат ва эзгу ишларга (эҳсонга) буюриб, қариндошларга ҳам яхшилик қилишни амр этади. Қариндошларга яхшилик қилишдан мурод, уларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам беришдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло гўзал ахлоқларни яхши кўради ва ёмон паст ишларни ёмон кўради” (Хароитий ва Абу Наъийм ривояти).

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ охиратга олиб қўйиши билан бирга дунёда ҳам жазосини тезлатиб берадиган гуноҳ – зўравонлик ва қариндошчиликни узишдир”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Фаҳшнинг луғавий маъноси ҳаддан ошишлик, лекин урфда номусга қаратилган жиноятлар тушунилади.

Мункар – шариат ва инсоннинг соғлом табиатига тўғри келмайдиган, нохуш сўз ва амаллар.

Зулм – адолатнинг зидди бўлиб, ҳаддан ошиш, бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш.

Насафий (раҳматуллоҳу алайҳ) бузғунчилик (фаҳш)ни ҳаддан ташқари жирканчли гуноҳ, ёмон ишлар (мункар)ни шариат ва ақл инкор қиладиган гуноҳ ва зулм (бағий)ни ҳаддан ошиш, мутакаббирлик, деб тафсир қилган.

Аллоҳ таоло инсонни ана шундай гўзал сифатлар билан сифатланишига буюради ва кабиҳ сифатлардан узоқ бўлишни буюради. Ояти карималар тиловат қилинмасдан уларга амал ҳам қилиш лозим.

Биз тафсирини ўрганаётганимиз ояти карима Усмон ибн Мазъуннинг мусулмон бўлишига сабаб бўлган. Усмон ибн Мазъун бундай дейди: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уялганимдан мусулмон бўлган эдим. Чунки у зот менга Исломни кўп маротаба таклиф қилган эдилар. Бу оят нозил бўлмагунича қалбимда имон мустаҳкам ўрнашмаган эди. Мен у зотнинг ҳузурида эканимда оят нозил бўлиб, имон қалбимга қаттиқ ўрнашди. Сўнг бу оятни Валид ибн Муғирага ўқиб бердим”. У: “Аллоҳга қасамки, бунинг ҳаловати  ва гўзаллиги бор. У манфаатли ва барокатлидир. У инсоннинг сўзи эмас”, деди. Абу Жаҳл гапга қўшилиб: “Албатта, унинг илоҳи гўзал ахлоқларга буюрар экан”, деди.

Бу оят Қуръондаги барча эргашиладиган яхшиликларни ва четланиш лозим бўлган ёмонликларни ўзида жамлагандир. Шу сабабдан кўплаб хатиблар минбарларда туриб хутбаларининг охирида бу оятни ўқийдилар. Бу билан мавъизалари барча буюрилган ва барча қайтарилган нарсаларни жамлаган бўлишини умид қиладилар.

Тафсир китоблари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Read 941 times
Tagged under

Мақолалар

Top