Мақолалар

Чақалоқ қулоғига азон айтиш

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Исм қўйилганда чақалоқнинг ўнг қулоғига азон айтиш, чап қулоғига эса иқомат айтиш ва Аллоҳ таолодан унинг ҳифзи-ҳимоятини сўраб дуо қилиш мустаҳаб амаллардан ҳисобланади. Бу хусусда пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Янги фарзанд кўрган киши унинг ўнг қулоғига «азон» ва чап қулоғига «такбир» айтсин. Шундан сўнг унга ҳеч қандай ёвуз кучлар зарар қилмайди», деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат, айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандоқ ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади. Ривоятлардан бирида: «Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умму Сибён[1] зарар етказа олмас», дейилган.

Янги туғилган чақалоқ оппоқ матога ўралади, чунки динимизда матоларнинг энг афзали оқ ранглиси экани айтилган. Тезда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш, Парвардигордан фарзандига ихлос ва эътиқод билан дунё ҳамда охират яхшиликларини сўраш лозим. Бу ҳақда қуйидаги ҳадислар ворид бўлган:

Абу Рофеъдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Фотима ва Алининг ўғиллари Ҳасан туғилганида қулоқларига азон (ва такбир) айтганларини кўрдим».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳасан ибн Али туғилганида (ўнг) қулоғига азон айтиб, чап қулоғига такбир айтдилар».

Таҳник қилиш. «Таҳник» дегани бирор ширинликни (масалан, хурмо) чайнаб ёки эзиб, оз миқдорда бармоққа олиб боланинг оғзига суриб қўйиш, дегани. Бизда бунга «танглай кўтариш», дейилади. Бундан мурод, боланинг биринчи бўлиб тотадиган нарсаси ширинлик бўлсин ва она кўкрагига тезда ёпишсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яшаган жойда машҳур ширинлик ва қувват берувчи мева хурмо бўлгани учун таҳник, асосан, шу мева билан қилинган. Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ўғлим туғилганида уни кўтариб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бордим. У зот унга «Иброҳим» деб исм қўйдилар, хурмо билан таҳник қилдилар. Барака тилаб дуо қилдилар ва менга узатдилар».

Ҳадисдан кўриниб турибдики, фарзандга исм қўйиш, таҳник қилиш, бола ҳаққига яхшиликларни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш яхши амаллардан экан. Бу ишларни илмли, тақволи, фазилатли кишиларнинг амалга ошириши, айниқса, муҳимдир.

Чақалоқнинг танглайини кўтариш: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг ўғлим туғилганда уни Набий (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди»[2].

Таҳник қилиш. «Таҳник» дегани бирор ширинликни (масалан, хурмо) чайнаб ёки эзиб, оз миқдорда бармоққа олиб боланинг оғзига суриб қўйиш, дегани. Бизда бунга «танглай кўтариш», дейилади. Бундан мурод, боланинг биринчи бўлиб тотадиган нарсаси ширинлик бўлсин ва она кўкрагига тезда ёпишсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яшаган жойда машҳур ширинлик ва қувват берувчи мева хурмо бўлгани учун таҳник, асосан, шу мева билан қилинган. Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ўғлим туғилганида уни кўтариб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бордим. У зот унга «Иброҳим» деб исм қўйдилар, хурмо билан таҳник қилдилар. Барака тилаб дуо қилдилар ва менга узатдилар».

Ҳадисдан кўриниб турибдики, фарзандга исм қўйиш, таҳник қилиш, бола ҳаққига яхшиликларни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш яхши амаллардан экан. Бу ишларни илмли, тақволи, фазилатли кишиларнинг амалга ошириши, айниқса, муҳимдир.

 

[1] Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир. 

[2] Шарҳ: Солиҳ ва олим кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли. Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Read 71151 times

Мақолалар

Top