Мақолалар

Кўз қувончи

«Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир» (Фурқон, 74).

Фурқон сурасидаги бу ояти каримада Раҳмонга суюкли бандаларнинг энг гўзал сифатларидан бири зикр этилган. Яъни, бу дуо Раҳмоннинг суюкли бандалари қиладиган дуолардан биридир.

«Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт...» Яъни, хотинларимизни бизлар учун дунё ва охиратда бахту саодат манбаи қилгин. Зеро, яхши хотин эрининг дунёвий ишларида ҳам, ухровий ишларида ҳам кўмакдош бўлади. Дунёнинг ташвишларини енгишда эрига сабру қаноат тилайди, унинг кўнглини кўтариб, далда бўлади. Эри юмушдан ҳориб, чарчаб келганида очиқ чеҳра билан кутиб олади, ором олиши учун жой ҳозирлайди, уй-рўзғор ишларини саранжом-саришта тутади. Имкони борича эрининг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Ундай аёл эркак учун Аллоҳ таолонинг катта неъматидир. Эркак киши учун дунёда солиҳа жуфти ҳалолдан кўра яхши неъмат йўқлиги ҳадиси шарифда айтилган.

Буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий “Наводирул усул фи аҳодисир росул” номли китобида қандай аёл яхши экани ҳақида алоҳида фасл ажратиб, далил сифатида ушбу ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бандага дунёда берилган неъматлар ичида энг яхшиси унинг имонини мустаҳкамлашига кўмаклашадиган мўмина хотиндир”».

Луқмон (алайҳиссалом) айтади: “Солиҳа аёл бамисоли подшоҳнинг бошидаги тождир. Ёмон аёл бамисоли мункиллаган чолнинг устига ортилган оғир юкдир”.

Оятдаги «зурриётларимиздан» калимасида фарзандлар кўзда тутилган. Дарҳақиқат, ота учун фарзандидан кўрадиган яхшиликдан ортиқ яхшилик йўқ. Ҳар бир ота фарзандининг одобли, илмли, Аллоҳ таолога итоатли ва ибодатли бўлишини истайди.

Мазкур оятдаги «кўз қувончи» деб таржима қилинган «қурроту айн» жумласига эътибор берайлик. «Айн» сўзи араб тилида кўз демакдир. «Қурротун» сўзининг эса бир неча маънолари бор. У бир жойда собит турмоқ, қарор топмоқ, хурсандчилик, сурур, совуқ маъноларини англатади. Кўз инсон танасидаги энг нозик аъзо бўлгани учун Аллоҳ таоло уни ташқи таъсирлардан ҳимоялаб қўйган.

Инсоннинг мўътадил тана ҳарорати 36.6 даража бўлгани ҳолда, кўзнинг ҳарорати 9 даражани ташкил этади. Тана ҳароратининг мўътадил ҳолатидан кўтарилиши кишининг касал эканига далолат қилса, кўз ҳароратининг кўтарилиши унинг хафалиги белгиси бўлади. Шунинг учун ҳам хотиржам кишининг кўзидан оққан ёш совуқ, хафа кишининг кўзёши эса иссиқ бўлар экан. Демак, кўзнинг ҳарорати даражаси ўзгармай, собит туриши кишининг хотиржамлиги, хурсандлигига боғлиқдир. Дарҳақиқат, кишининг хотини итоатли ва болалари аҳли солиҳ бўлса, кўзлари қувончга тўлади, яъни хотиржам ва хурсанд бўлади.

«...бизларни тақводорларга пешво қилгин!» “Пешво” – имом деганидир. Имом эса одамларни ортидан эргаштирувчи кишидир. Имом одамларни яхшиликка бошлайди, фақат яхшилик борасида ўзгаларга ўрнак бўлади. Киши дунёда кимга эргашган бўлса, қиёмат кунида ўша билан бирга бўлади, мазмунидаги ояти карима бор. Шунинг учун суюкли бандалар, “Бизларни одамларга фақат яхшиликда намуна бўладиган пешволардан қилгин, одамларга ёмонликни ўргатадиган, ўзгаларга ёвузликда намуна бўладиганлардан қилмагин”, деб дуо қилишади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай дуо қилувчилардан ва дуолари ижобат бўлувчилардан қилсин. Омин!

Тафсир китоблари асосида

ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари

Устоз Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ тайёрлади.

Read 811 times
Tagged under

Мақолалар

Top