Мақолалар

ЮРТГА ФАЙЗУ БАРАКА, ҚАЛБГА ҚУВОНЧ  БАҒИШЛАЙДИГАН ҚУТЛУҒ АЙЁМ

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Сиз азизларни мусулмон умматининг энг қадрли айёми бўлган муборак Рамазон ҳайити – Ийдул фитр билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай файзли лаҳзаларда Қодир Аллоҳга беҳад шукроналар айтиб, юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга қут-барака, фарзандларимизга бахту саодат сўраймиз.

Аллоҳ таолога шукрки, Рамазон ойи юртимизда кўтаринки кайфиятда ўтди. Бу улуғ ойда тоат-ибодатлар билан машғул бўлиб, хайру саховат ишларини кўпайтирдик.

Масжидлардаги Қуръони карим хатмлари, таровиҳ намозлари ва дуою илтижолар шарофатидан ўлкамизга файзу барака ёғилди. Жамиятимизда дўсту биродарлик, меҳр-оқибат туйғулари юксалди.

Ҳайит айёми бир ой рўза тутгандан кейин бандаларга тақдим қилинган раббоний зиёфат, чексиз хурсандчиликдир.

Ушбу кунда Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ва марҳамати ёғилади. Ҳақ таоло Каломи шарифида бундай баён қилади: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, албатта, шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! ...”. (Юнус сураси, 58-оят).

Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Ийд кунлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу кунлар еб-ичиш ва хурсандчилик қилмоқ кунларидир”, деб марҳамат қилганлар. Шу боисдан бу кунни бутун дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва байрам қилиб ўтказади.

Яратган Парвардигорга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, бу йил юртимизда 1 600 дан зиёд масжидда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқилди. Рамазон ойининг йигирма еттинчи куни оқшоми, яъни Қадр кечасида Қуръони карим хатмлари якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида халқимиз Ҳақ таолога юзланди.

Мана шундай жамул-жам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз тинч ва фаровон ўтади, икки дунёимиз саодатли бўлади, инша Аллоҳ.

Мамлакатимизда кечаётган уйғониш ва юксалишлар ҳамюртларимиз ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган диний соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, қайта обод бўлаётган қадамжолар ва кўпайиб бораётган Қуръони карим курслари ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сонининг йил сайин ошиб бораётгани халқимизни ниҳоятда мамнун этмоқда.

Бундай шодиёналар қаторида бу йилги Моҳи Раҳмон ойи халқимиз учун эсда қоларли воқеаларга жуда ҳам бой бўлди. Президентимиз бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этдилар. Ушбу тарихий оқшомда юртимизнинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳалла-ю гузарларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқимиз гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлди. Қуръони карим оятлари тиловат қилинди ва ёши улуғ, нуроний ва мўйсафидларнинг дуолари олиниб, минглаб инсонларга қувонч улашилди.

Қутлуғ ойдаги савобли ишлардан яна бири давлат Раҳбарининг ташаббуси билан ногиронлиги бор оилалар, "Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйларида яшаётган кишилар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишлар барчага шодлик бахш этди.

Республикамиздаги эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож 36 500 дан ортиқ фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди “Инсон” марказлари билан ҳамкорликда хайрия ишлари орқали ёрдамга муҳтож кишиларнинг кўнгилларини кўтарди.

Ҳазрати Алишер Навоий “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деган ҳикмати муборак динимизнинг асл моҳияти билан ҳамоҳангдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Заифларга яхшилик қилиш орқали Менинг розилигимни истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва муваффақиятга эришасизлар”, деб марҳамат қилганлар.

Шундай экан, қутлуғ ойларда қалбига шодлик кирган мана шундай ҳамюртларимизнинг ихлосли дуолари ила Яратган Парвардигор юртимизга тинчлик-хотиржамлик ва ҳаётимизга фаровонлик ато этади.

Рамазон ойидаги илгари сурилган муҳим ташаббуслардан яна бири "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ободлик ва кўкаламзорлаштириш каби ишлар маҳалла гузарларида байрам кунларининг янада файзли ўтишига омил бўлмоқда. Халқимизни – кексаю ёш барчани эзгу амал атрофида жипслаштирди. Ушбу лойиҳада нуронийлар, маҳалла фаоллари, диний соҳа вакиллари, миллий маданий марказлар масъулларининг бирдам иштирок этгани алоҳида файз қўшди, дейиш мумкин.

Айни кунларда Маккаю мукаррама, Мадинаи мунавварада умра амалларини адо этиб турган ва мамлакатимизда ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган юртдошларимизнинг Ватанимиз ҳаққига дуолар қилишаётгани нур устига нур бўлмоқда.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Рамазон ойида 40 нафардан зиёд уламолар АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Туркия давлатларига сафарга юборилди. У ерлардаги имом-домлалар томонидан ватандошларимизни дину диёнатга даъват этиш билан бирга ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб яшашлари ҳақида суҳбатлар қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг Сайхунобод туманидаги ташаббуслари асосида бугун барча имом-хатибларимиз, диний соҳа ходимлари аҳолини ҳалол ва фаол меҳнатга кенг тарғиб қилмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, фаровонлигини ошириш ва халқимизнинг хотиржам ҳаётини таъминлашдир.

Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсатдир.

Ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан ўтказиш савобли амаллардандир.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Саҳиҳ ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар ҳазратлари эса: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар

Шундай экан азизлар, ҳайит кунининг тонгидан покланиб, хушбўйликлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, намозгоҳга бормоғимиз фазилатли амалдир.

Эрта тонгдан мўмин-мусулмонлар билан Ийд намозини ўқиймиз. Имом-домлалар хутба ўқиб, амру маъруф ва панду насиҳатлар қиладилар. Намоздан кейин одамлар бир-бирларини табриклаб, эзгу тилаклар билдирадилар.

Айём кунларида табаррук отахон, мунис онахонлар, қариндош-уруғлар, ёру биродарлар, бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олайлик! Уларга байрам кайфиятини улашайлик.

Ҳайит кунларини оила даврасида нишонлаб, яқинларимизга байрам кайфиятини бериш ҳам хайрли амал ҳисобланади. Шу боис бу кунларда иложи бўлса, ота-она, ака-ука, аҳли аёлимиз ва фарзандларимизга совғалар улашилса, уларнинг қувончига сабаб бўлиб силаи раҳм қилган бўламиз.

Азизлар! Мана шундай дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларда Қодир Эгам бутун оламга, айниқса, жонажон диёримизга тинчлик-хотиржамликни, тараққиёт ва фаровонликни ато айласин, халқимиз ҳаётини янада тўкин қилсин, барча бошлаган эзгу ишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!

Тутган рўзаларимиз, ўқиб-тинглаган хатми Қуръонларимиз, илтижо ила қилган дуоларимизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилсин.

Яна бир бор жонажон халқимизни, бутун дунё мўмин-мусулмонларини Ийдул Фитр байрами билан чин юракдан табриклайман!

 

Шайх Нуриддин Холиқназар,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 1100 times

Мақолалар

Top