Мақолалар

Оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан огоҳ бўлинг!

Кечагина одамларнинг кулгусига сабаб бўлган антиқа кийимларни бугун ўзимизнинг миллий либосларимизга алмаштириб юбораётган ёшлар, куни кеча телевиденияда олиб берилганда, оила катталарининг жиддий эътирозига сабаб бўлган сериаллар бугун оммавий ҳолатда кўриладиган кинолар қаторига кириб қолганлиги ёки эндигина тили чиқаётган болаларнинг қандайдир сўзлар билан ўзгаларни ҳақорат, қилиши бизнинг ўзбекона ҳаётга мутлақо бегона. Уларнинг айни пайтда менталитетимизга бераётган оғир зарбалари ва оқибатлари борасида ўйласам юрак бағрим эзилиб кетади.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларни "тил ўрганиши” борасида, ёшларни бўш вақтларини самарали ўтказиш борасида бир қатор амалий ислоҳотлар олиб борилаётган бир паллада, ёшларни ўз онгини бузадиган, дунёқараши ва ақлий ўсишини сусайтирадиган ўйинларни ўйнаб, турли "GAME CLUB”ларни тўлдириб ўтирган болалар кишининг эътиборини ўзига жалб қилади. Нима, улар бу ислоҳотлардан бехабар ёки мустасно эканми?! Уларнинг ота-онлари бу болаларга шу қадар бефарқми? Ахир, мана шу бола Ватаннинг эртаси экани борасида бир ўйлаб кўрдимикан?

Ўша клубларда ўтирган болаларнинг аксарияти қуролли ўйинларни ўйнаётгани ҳам кишининг эътиборини тортади. Қизиқ, нима сабабдан улар бу каби отишмаларни, одам ўлдиришдек қабоҳатларни амалга ошириш каби ўйинларни ўйнайди? Улар бундан қандайдир манфаат олишадимикан? Яратганга чексиз ҳамду санолар бўлсинки, мамлакатимиз тинч бўлса, юртимизда инсон қадри улуғ бўлса, қатор эркинликлар яратилиб берилаётган бўлса-ю, уларни четга суриб, ёшлигидан бўлмағур ишлар билан банд болалар кишининг чуқур ҳаёлга чўмдиради.

Бир куни шаҳар марказига яқин жойлашган “компьютер хизматлари” дея афиша берилган манзилга кирдим.  Қарасам,  таҳминан йигирма-йигирма бешта атрофида турли ёшдаги болалар ҳар бири компьютер олдида ўтирганча, шериклари билан битта ўйинни ўйнашарди. Қизиқдим, аста уларга яқинлашдим. Уларнинг ҳар бири алоҳида давлат номини танлаб олишганча, ўзлари қуролли аскарларни тўплашган ва душманга қарши чоғланишаётганди.

Улар қандайдир давлатларни номидан бошқа давлат томон юриш қилиши ва қўпорувчилик ишларини амалга ошириши гарчи "ўйин” бўлса ҳам, боланинг келажаги "ўйин” эмас-ку. Болангиз қаерда, нима қиляпти ва кимлар билан бирга экани билан доимий қизиқинг. Зеро, улар шу орқали қандайдир ғаразли мақсадни қасд қилганларга, турли оқимларга аралашиб кетмасин! Чунки айни вақтларда бу тинчликни кўра олмаганлар қанчадан-қанча... Уларга ҳам Аллоҳ инсоф берсин деймиз.        

Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Одатда, оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қиладилар. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган  хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига ўз вақтида айтмайдилар. Натижада, бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан кейин бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилаверишга ўтиб қолади. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишувида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир.

Оила - тарбия маскани ҳисобланади. Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Хар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яхудийга айлантириб юборадиган хам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган хам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, фарзанд энг биринчи тарбияни оиладан олади. Оила мана шу боланинг жамиятдаги ўрнини топишида ва ҳаётда мустақил яшашга ўрганишдаги катта восита ҳисобланади. Демак, фарзанд тарбиясида биринчи навбатда оила аъзолари мустаҳкам турмоғи лозим бўлса, маҳалла, жимият фаоллари ундан кейин туради. Уларни сустлашиши ёки бееътиборлиги натижасида эса, маълум бўлиб бораётганидек кўнгилсизликлар кузатилади. Бола бетарбия бўлиб улғаяди. Жамиятга зарар етказиш, давлатига ҳиёнат қилиш, динига хилоф ишларни қилиш каби иллатлардан ҳам тойимайдиган бўлиб улғаяди.

Азиз ватанимизнинг мустақиллиги абадий бўлиб, келажакда ҳам дунё тан олган ал-Бухорий, ал-Беруний, ал-Фарғоний каби уламолар яна бизнинг авлодлардан чиқишини истардим. Биз бунга ҳақлимиз. Зеро, бизнинг томиримизда буюк олимларнинг, мутафаккирларнинг, кўплаб зиёлиларнинг қони оқаётгани барчага ойдек равшандир. 

Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

Read 5427 times

Мақолалар

Top