Мақолалар

Аёлларни эъзозлаган дин

Қадимги Арабистон ярим оролида VII асргача – «жоҳилия даври»да аёллар жамиятда ҳеч қандай мавқега эга эмас эдилар. Уларнинг аҳволи шу даражада эдики, ҳатто қиз боланинг туғилиши ота учун бахтсизлик аломати бўлса, ўғил боланинг туғилиши эса алоҳида бахтнинг белгиси, Аллоҳнинг оила бошлиғига кўрсатган илтифоти, деб ҳисобланган. Қизларга бўлган бундай муносабат, яъни ўғил туғилмасдан қиз бола туғилганидан ор қилиш ва бошқалар аёлларнинг аҳволи ниҳоятда аянчли эканлигини исботлайди.

Бадавий қабилалар эркаклари учун ўғил –  меросхўр, ўзларининг давомчилари, у туфайли ўзлари, уларнинг оилалари яшайди, уларнинг авлоди давом этади. Она учун қорнида кўтариб юрган боласи бир мўжиза, ўзи эса - эркак уруғини етиштирадиган сеҳрли идиш. Агар бу идиш заиф бўлса, энг кучли куртак ҳам кичкина ниҳолча, нимжон насл беради. Агар қиз туғилса, бунда фақат аёл айбдор. Манбаларда ёзишларича, араб саҳроларида қадим замонлардан буён агар оилада қиз туғилса, эркак қуйидаги муомалалардан бирини қўллаган:

  • қиз катта бўлгунига қадар оилада қолдирилган ва катта бўлгач, саҳро ва водийларда қўй боқишга мажбурланган;
  • қиз 6 ёшга тўлгач, эр хотинига дўстларидан бириникига бориш учун қизини безатишни ва кийинтиришни буюрган. Ўзи эса саҳронинг бирор еридан чуқур қазиган. Қизи билан чуқур ёнига келиб, отасининг мақсадидан бехабар бўлган қизга: «Мана бу қудуққа қара», дейди. Қазилган чуқур тириклайин кўмиладиган қабри эканидан бехабар қиз чуқурга қараганида эркак ҳеч қандай оталик меҳрисиз қизини чуқурга итариб юбориб сўнгра устидан тупроқ тортган.

Жоҳилия даврида қавмлар ичида қизларни тириклайин кўмиш одатига қарши чиқувчилар ҳам бўлган. Баъзи манбаларда айтилишича, шоир Фараздақнинг буваси бирор кимса шундай зулмкор мақсадни амалга оширмоқчилигини билиб қолса, тириклайин кўмишдан қайтариш учун унга пора тарзида бир туя юборган. «Айтишларича, улар (оталар) қизларини уятдан қўрқиб қатл этардилар. Маккада «Абу Далама» деган тоғ бор. Қурайшликлар шу ерга қизларини кўмишган. Фараздақнинг буваси Саъсаъа қизларни ўлимдан қутқариш учун, уларнинг ҳар бирини 2 тадан урғочи туя ва 1 та нор туяга айирбошларди».

Ривоят қилишларича, саҳобалардан баъзилари жоҳилия даврида шундай одатларни қилган экан. Ислом келгач ўша одам Пайғамбар (с.а.в) ҳузурида исломни қабул қилиб, унинг саҳобаларидан бирига айланган. Тириклайин кўмишнинг разиллик экани ҳақидаги оят тушгач, жоҳилия давридаги ишларидан пушаймон бўлиб, уни одамларга йиғлаб гапириб берган экан.

Ҳикоя қилишларича, Умар ибн ал­Хаттоб (р.а.) қуйидагиларни эътироф этган: «Мусулмонликдан аввалги икки нарсани эслайманки, бирини эслаб йиғлайман, бирини эслаб куламан. Ушбу нарсага йиғлайман. Бир кун қизимни, жажжи қизчамни, жигарпора қизчамни шу ўз қўлларим билан қабр қазиб кўмдим. Мен қизим учун ўз қўлларим билан чуқур қазир эканман, у менинг соқолимга сачраган тупроқларни жажжи қўллари ила силаб оларди. Қачон буни эсласам доимо йиғлайман. Инсониятнинг қандай қоронғу даврларида яшаганини тушуниб, тинмай кўз ёш тўкишдан ўзимни тияман».

Ибн Аббос (р.а.) ушбу оят ҳақида: «Исломдан илгари оилада эркак киши ўлса, унинг қариндошлари ундан қолган мерос қаторида хотинига ҳам эгалик қилишар эди. Хоҳлашса, уни ўзларидан бирига никоҳлаб қўйишар, хоҳлашса, бировга эрга бериб юборишар ёки эрга бермай олиб қолишар эди. Эрнинг қариндошлари марҳумнинг хотинига унинг ота­онасидан ҳам кўпроқ ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло: «...Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни зўрлик ила мерос қилиб олмоқларингиз сизларга ҳалол эмас ва берган нарсаларингиздан баъзисини олмоқ учун уларни мажбуран олиб қолмангизлар!» (Нисо, 19), деган мазкур оятни нозил қилиб, аёлларни зулмдан халос этди».

Агар аёлларнинг жамиятдаги ўрни масаласини тарихий изчиллик асосида ўргансак, кўриш мумкинки, ислом дини зулматдан кейин чиқиб келган нурдек, аёлларнинг ҳимоячиси ва халоскорига айланган. Чунки Маккада Пайғамбар (с.а.в.) арабларнинг жоҳилона одатларини қоралар экан, шундай оятлар ҳам нозил бўлган: «...Тириклайин кўмилган (ҳар бир) қиздан сўралганида, не гуноҳи учун ўлдирилган, деб» (Таквир, 8-9), «Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетар. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб,) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир» (Наҳл, 58-59).

Ислом таълимотида «қиз туғилиши барака бўлади, оилага хурсандчилик олиб келади», деган ғоя илгари сурилади. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, «кимнинг 3 та қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбия қилиб катта қилса, жаннатга кириши албатта муқаррардир».

Пайғамбар (с.а.в.)нинг жуфти ҳалоли бўлмиш Оиша (р.а.) Урва ибн аз­Зубайр (р.а.)га бундай деб айтган экан: «Бир аёл икки қизини етаклаган ҳолда ҳузуримга тиламчилик қилиб келди. У ёқ­бу ёқни қараб бир дона хурмодан бўлак ҳеч нарса тополмадим. Ўша хурмони унга берган эдим, ўзи емай икки қизига бўлиб берди. Сўнг, ўрнидан туриб  чиқиб  кетди. Шу  аснода  Пайғамбар (с.а.в.) кириб келган эди,

бўлган воқеани айтиб бердим. Пайғамбар (с.а.в.): «Кимки қизларига ана шундай мурувват қўлини чўзса, улар уни дўзах оташидан парда бўлиб тўсиб тургайлар», ­ деди».

Бундан ташқари, ислом таълимотида аёл она тимсолида ниҳоятда улуғланди. Қуръони карим оятлари онанинг буюклигини эътироф этиб: «Биз инсонга ота­онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни кўкракдан ажратиш (муддати) икки йил(да битар). (Биз инсонга буюрдикки,) Сен менга ва ота­онангга шукр қилгин!...» (Луқмон, 14), деган илоҳий амрни қайд қилади. Демак, она ҳомиладорлик вақтидан то фарзанд дунёга келгунга қадар бир қанча машаққатларни бошидан кечиради. Шунинг учун ҳам фарзандда отадан кўра онанинг ҳаққи кўпроқ бўлади. Шу мақсадда Пайғамбар (с.а.в.) ўз ҳадисида жаннатни оналар оёғи остига тўшаб қўяди.

Кўриб ўтганимиздек, исломдан олдинги даврларда аёлларнинг нафақат ҳуқуқлари поймол этилган, балки улар инсоний жамиятда инсон сифатида ўз ўринларига эга эмасдилар. Аёл ўзи аслида башарият кўпайишининг сабабчиси, одамзод боласининг боқий бўлиши воситаси, илм, камолот, фазилат аҳли, қаҳрамонлар ва буюк кишиларнинг онасидир. У ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ғамхўрлик ва меҳрга ҳақлидир. Шунинг учун ислом ўз нурини соча бошлагач, аёлни жамиятнинг етук аъзоси ҳисоблаб, унинг ҳуқуқларини қарор топтирди ва аёлнинг мақомини кўтарди, аёлни сотиб олинадиган ёки сотиб юбориладиган шахсий мулк ҳисобланишидан халос этди ва унга инсоний ўзликни берди.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг Арафот тоғида қилган хутбасида шундай дейилади: «Эй инсонлар! Аёллар ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр­шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Аёллар сизларга тангрининг омонатидир. Уларни Аллоҳ номи билан олдингиз. Улар амри илоҳий ила сизларга ҳалол бўлди. Сизларнинг хотинларингиз устида ҳақларингиз бўлгани каби, хотинларингизнинг ҳам сизларда ҳақлари бор».

Ислом таълимоти аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида: илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди. Жоҳилия давридаги аёлларни таҳқирлаш, зулм қилиш, бойликнинг бир қисми сифатида мерос бўлиб қолиш ҳамда чексиз хотинга уйланиш каби иллатларни тақиқлади.

Ислом илм­маърифат соҳасида ҳам аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Пайғамбар (с.а.в.)нинг: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир»деган ҳадислари машҳурдир. Аёл киши нафақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишга ҳақли, балки таълим бериш, ўқитиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқига ҳам эга. Кўплаб муслима аёллар илм­фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг далилидир. Бундан ташқари, муслима аёл жамият, сиёсат ва шариат соҳаларида ҳам ўз фикрига эга. Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳам аёллар диний, сиёсий, ижтимоий­иқтисодий соҳаларда у зотга мурожаат қилишган ва ўз фикрларини билдиришган. Исломда муслима аёлнинг тўғри фикрини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам эшитиб, у ҳақда оят туширганлиги маълум ва машҳурдир: «(Эй Муҳаммад) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди» (Мужодала, 1).

Хулоса қилиб айтганда, Ислом жамиятда аёлларнинг мақомини кўтарди ва кўп нарсада озодлик берди, уларнинг инсоний фазилатларини таҳқирлашдан, инсоният ақлига тўғри келмайдиган зулмкор фожиалардан халос этди. Жамиятда аёл мақоми қўллаб­қувватланиб, унинг табиий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланди.

Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор хотин, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим. Шу билан бир қаторда динимиз таълимоти эрларга хотинлари билан ниҳоят даражада хушмуомала, маъруф йўллар асосида ҳаёт кечиришни буюради.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятларига мос равишда меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналарни “Оила йили”, “Аёллар йили” каби номлар билан аталиб келиши, кўп болали аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8-мартни халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилингани ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб келинаётгани ислом динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Read 6831 times

Мақолалар

Top