Мақолалар

Эллик марта тавоф қилиш

Cавол: 50 марта тавоф қилса катта ажрга эга бўлиш ҳақида ҳадисларда келган экан. Шунда 50 та тавоф қандай адо этилади? Етти айлана етти тавоф ҳисобланадими ёки битта тавоф ҳисобланадими? Ҳар 7 тадан кейин 2 ракат намоз ўқиладими ёки охирида ўқиса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

Ким байтни эллик бор тавоф қилса, онадан янги туғилган кунидагидек гуноҳларидан чиқади (Имом Термизий ривояти).

Элликта тавоф деган сўзни элликта айлана деб тушунмаслик лозим. Чунки етти айлана битта тавоф ҳисобланади. Мана шу етти айланадан эллик марта қилинади. Чунки бир айлана қилиш билан тавоф ибодати қилинган бўлмайди.

Қолаверса, имом Ибн Абу Шайбанинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятида “خمسين أسبوعا – элликта етти айланиш”, деган ибора билан келган. Тўлиқ етти айлананинг ўзи битта тавоф ҳисобланади. Масалан, умрага борган инсон бир марта умра қилса, битта тавоф қилган бўлади. Кейин яна умра қилса ёки нафл тавофнинг ўзини қилса, иккинчи тавофни қилган бўлади.

Юқоридаги ҳадисда зикр қилинган эллик марта тавофни бир мартада ёки битта сафар давомида қилиш шарт эмас, бутун умр давомида қилиши мумкин (“Файзул қодир” китоби).

Мазкур тавофларни қилишда етти айланиб, бир тавофни тугатгач, нафл намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақтда икки ракатли тавоф намозини ўқийди. Биринчи тавофдан кейин тавоф намозини ўқимасдан кейинги тавофни қилиш макруҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳар тавофдан кейин тавоф намозини ўқийди, кейин янги тавофни қилади. Бу ҳақида фиқҳий китобларимизда баён қилинган. Жумладан, Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Зиёратчи ҳар етти айлана қилиб бўлгач, нафл ўқиш макруҳ бўлмаган вақтда икки ракат тавоф намозини ўқийди. Биринчи тавофдан кейин тавоф намозини ўқимай, иккинчи тавофни қилиш имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздида макруҳдир” (“Бадоеъус саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1372 times
Tagged under

Мақолалар

Top