Мақолалар

Фотиҳа сурасини зам сура ўрнига ўқиса бўладими?

Cавол: Фарз намозда зам сура ўрнига Фотиҳа сурасини ўзини такрор ўқиса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Йўқ, бундай қилиб бўлмайди. Чунки Фотиҳа сурасини бир ракатнинг ўзида такрор ўқиш шариатда жорий бўлмаган. Бу ҳақда Аллома Зайлаий бундай деганлар: “Агар Фотиҳани такрор ўқиса, шаръий амалнинг хилофини қилган бўлади. Чунки бир қиёмнинг ўзида Фотиҳани такрор ўқиш машруъ эмасдир” (“Табйинул-ҳақоиқ” китоби).

Бундан ташқари намозда Фотиҳадан кейин алоҳида зам сурани ўқиши вожиб амал саналади. Бу ҳақида Аллома Шурунбулолий айтадилар: “Иккинчи вожиб Фотиҳага бирорта қисқа сурани ёки камида қисқа уч оятни қўшиб ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Алҳамду лиллаҳ ва зам сурани ўқимаган кишининг намози дуруст бўлмайди. Хоҳ, фарз, хоҳ бошқа намоз бўлсин”, дедилар” (“Мароқил-фалоҳ” китоби).

Агар намоз ўқиётган киши адашиб, Фотиҳа сурасидан кейин зам суранинг ўрнига яна Фотиҳа сурасини ўзини ўқиса, унинг намози дуруст бўлсада, охирида саҳв саждасини адо этиши вожиб бўлади. Бу ҳақида бундай зикр қилинган: “Хизона ва бошқа китобларда зикр қилинишича: Фотиҳа сурасини аввалги икки ракатда такрор ўқиш саҳв саждасини вожиб қилади. Бу жойда вожибни такрор қилиш саҳвни вожиб қилмайди, балки зам сурани тарк қилиш вожиб қилади. Чунки зам сура Фотиҳадан кейиноқ ўқилиши вожиб бўлади, деб айтиш мумкин” (“Мажмаул-анҳур” китоби).

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ҳукм фарз ва вожиб намозларнинг ўзига тегишли бўлиб, нафл намозларда шундай қилса, унга саҳв саждаси вожиб бўлмайди.

“Мазкур ҳукм фарзларгагина қайдланиши лозим бўлади. Чунки Фотиҳани нафл намозларида такрор ўқиш макруҳ саналмайди” (“Мажмаул-анҳур”).

Хулоса қилиб айтганда, фарз намозини ўқиётган киши зам сура ўрнига Фотиҳани қайтадан ўқиса, сўнгидан дарҳол бошқа сура ёки камида уч оят зам қилиши ҳамда намоз охирида саҳв саждаси қилиши вожиб бўлади. Нафлларда Фотиҳани такрор ўқиш макруҳ бўлмасада, ундан кейин зам сура ўқиш вожибдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 1244 times

Мақолалар

Top