Мақолалар

Каъба қўриқчиси

Макканинг бошқарув тузилмасида ижтимоий вазифалар Қурайшнинг турли оилалари ўртасида тенг тақсимланган эди. 15 та муҳим вазифа мавжуд бўлиб, уларнинг энг шарафлилари, Сидона – Каъбада хизмат қилиш, Сиқоя – зиёратчиларга сув бериш ва Рифода – уларни озиқ-овқат билан таъминлаш.

Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мансуб Ҳошим уруғи Маккага келган ҳожиларни овқат ва сув билан таъминлаган бўлса, Усмон ибн Талҳанинг уруғи Абдуддор қавми Каъбанинг қўриқчиси бўлган. Бу шарафли мақом авлоддан-авлодга ўтиб, вазифаси Каъбада хизмат қилиш бўлган амал Усмон ибн Талҳагача етиб борди.

Аммо Усмон ҳам ўзининг кўпчилик қабиладошлари сингари Исломга душман муҳитда яшади. Маккада ўша йиллардаги ҳолат шундай эди.

Бир куни Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Каъба эшиги олдида кўриб, У зотга қўпол муносабатда бўлди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар, фақат: “Эй Усмон! Балки сен Каъбанинг бу калитларни қачондир менинг қўлимда кўрарсан ва мен шунда уларни хоҳлаганча тасарруф қиламан”, дедилар.

Усмон: “Эҳтимол, яқин орада Қурайш ҳалок бўлиб, хор бўлар”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аксинча, улар юксак мақомга эришадилар”, дедилар.

Ўша вақтда Усмонни бир-бирига қарама-қарши туйғулар чулғаб олди. Бир томондан, Макка мушрикларининг қудратини кўриб бунга ишониш қийин бўлса, иккинчи томондан, Муҳаммадул Амин соллаллоҳу алайҳи васаллам доим рост сўзлаган. Кейинчалик Усмон: “унинг сўзлари менга таъсир қилди ва мен шундай бўлади, Каъба калитлари унинг қўлига ўтади, деб ўйлай бошладим”, деган эди.

Усмон мусулмонларга қарши урушларда қатнашди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башорати амалга ошишини кўриши учун ҳам урушда ҳалок бўлиш унга насиб қилмади.

Аммо Усмон Ислом ҳақида ўйлай бошлаган эди. Фикрини эгаллаб олган ўйлар ҳақида у шундай эслайди: “Ҳижрий еттинчи йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани адо этиш учун Маккага келганларида эътиқодларим ўзгара бошлади. Ислом қалбимга кириб борди. Эшитмайдиган, кўрмайдиган, фойда келтирмайдиган ва зарарни даф этмайдиган тошга сиғинишимиз, иймонимиз ҳақида ўйлай бошладим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларига қарадим ва уларнинг дунёдан ажралганлигини кўрдим. Бу менга таъсир қилди. Мен ўзимга ўзим, бу одамлар охират савобига интилишяпти, дедим”.

Усмон ислом динини қабул қилиш арафасида эди. Ва Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларига бориб, иймон сари қадам ташлади. Сафарда яна икки таниқли қурайшлик — Холид ибн Валид ва Амр ибн Ос ҳамроҳ бўлди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида Усмон мусулмон бўлди ва унинг ҳаётида янги саҳифа бошланди. Фақат битта саволни жавоби топилмай турарди, Каъбага янги эшикбон, қўриқчи қўйиладими ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу олий лавозимни Усмоннинг ўзида қолдирадими!?

Маккани қўлга киритгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй Усмон! Менга калитларни олиб кел”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу калитларни олиб, кийимларига ўраб, уларни абадий ўзингда олиб қол, дея Усмонга қайтардилар. Сўнг, эй, Абу Талҳа ўғиллари, уларни сиздан фақат золимгина тортиб олиши мумкин. Аллоҳ таоло Ўз уйини сизларга топширди, дедилар.

Усмон розияллоҳу анҳу сўзини давом эттириб, шундай деди: “У зотнинг ҳузурларидан кетдим, кейин мени ёнларига чақириб: “Айтганим рўй бермадими?” дедилар. У зотнинг Маккада менга айтган сўзлари эсимга тушди ва: “Ҳа, сиз Аллоҳнинг Расули эканлигингизга гувоҳлик бераман”, деб башорат амалга ошганини тасдиқладим.

14 аср олдин бўлгани каби бугунги кунда ҳам Абдуддор оиласи Каъбанинг қўриқчиси, эшикбони ҳисобланади. Ҳозир Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳунинг авлодлари ҳам ота-боболари қилган ишни қилмоқдалар. Буни омонатнинг узлуксизлиги, масъулияти ва мустаҳкам сақланиши деб аташ мумкин.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

ТИИ “Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси.

Read 1031 times

Мақолалар

Top