Мақолалар

Масжиди Набавийдаги ёпилмайдиган дераза

Масжиди Набавийда 1400 йилдан ортиқ вақтдан бери битта дераза ёпилмаган ҳолда очиқ туради. Бунинг сабаби нимада?

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонлар ҳукмдори бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларини кенгайтирмоқчи бўлдилар.

Кенгайтириш жараёнида қизи, мўминларнинг онаси – Ҳафса розияллоҳу анҳонинг хоналарини ҳам бузишга тўғри келди. Аммо Ҳафса буни рад этди, чунки унинг уйи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари билан ёнма-ён жойлашган бўлиб, фақат девор билан ажратилган эди. Уни кўндиришга бўлган уринишлар бесамар кетди.

Шунда укаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса розияллоҳу анҳога бу уйнинг ўрнига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрига деразаси қараган уйни беришни таклиф қилдилар. Ҳафса таклифга рози бўлиб, уйнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабрига қараган деразаси ойнасиз, очиқ бўлишини таъкидлади.

Шунинг учун ҳам ўша дераза ҳазрат Умар давридан ҳозирги кунгача очиқ. Мусулмон халифалари уни ёпмагани учун Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа тарихчилар бу очиқ деразани “Умар оиласининг деразаси” деб аташган.

 Пўлатхон КАТТАЕВ,

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.

 

Read 1072 times

Мақолалар

Top