Мақолалар

Бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт бўлмайди

Юртимизда қадимдан этник ва диний хилма-хилликка  ҳурмат билан ёндашилган.

Ҳақиқатан,  асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб, турли миллат ва динга мансуб қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний можаролар бўлмагани, халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.

Ўзга халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бағрикенгликнинг ёрқин хусусиятларидандир. Айнан ана шундай бағрикенглик, сабр-бардошлилик маданиятимизнинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда ўзга маданиятларнинг аҳамиятли натижалари билан бойитишга шароит яратди.

IX асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунний йўналишининг ҳанафий  мазҳаби қарор топди. Албатта, бу бежиз эмасди. Зеро, Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандошларимиз – Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий ва Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна вал-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар.

Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40‑оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”,  деб таъкидлайди.

Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий  эса ўзининг “Баҳр ал‑улум” деган тафсир китобида Мумтаҳана сурасининг 8-, 9‑оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди‑келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан‑Насафий  ўзининг  “Мадорик ат‑танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди.

Маълумки, мусулмон мамлакатларида яшовчи бошқа динга эътиқод қилувчилар  “зиммий”лар деб аталиб, шариат ҳукми бўйича уларнинг барча моддий ва маънавий ҳуқуқлари, яъни мол-мулки, ҳаёти, диний эътиқоди, урф-одатлари, тили, маданий мероси дахлсизлиги  мусулмонлар зиммасида бўлган. Шу туфайли ўрта асрлардаёқ мусулмон халқлари, жумладан, диёримизда яшовчи халқлар ҳам диний мурасасозлик ва бағрикенгликнинг ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этганлар.

Бунинг исботи сифатида ислом қонунчилиги бўйича мўътабар манба ҳисобланувчи “Ҳидоя” асаридан айрим фикрларни келтирамиз: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот” ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида  ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ (с.а.в)нинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, -деган ҳадисларидир ”.

Юқорида баён қилинган  фикр-мулоҳазаларни ҳамда юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг асарларидан келтирилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосага келиш мумкин:

Мамлакатимиз диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро,  юртимизда доимо диний бағрикенглик ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида диний бағрикенглик ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади.

Шу сабабдан ҳам, биз башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англашимиз ва ҳурмат қилишимиз зарур. Зеро, бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт бўлмайди. 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси

Read 5289 times

Мақолалар

Top