Мақолалар

Эркаклар учун омонат

Аёл шунчалик улуғ неъматки, банда унинг шукрини адо қилишдан ожиз. Лекин, таассуфлар бўлсинки, Парвардигори оламнинг шундай улуғ неъматини писанд қилмайдиган ва уларни одам ўрнида кўрмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Баъзан ҳар биримиз ҳам уларнинг қадрига етишга бепарво бўлиб қоламиз. Бундай ҳолатларда дарҳол эсимизни йиғиб олсак ажаб эмас, деган мақсадда бу латиф хилқат ҳақидаги эслатмаларни ёдга олишни ирода қилдик.

حَدَّثَنِى مُحَمَّدُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ نُمَيْرٍ الْهَمْدَانِىُّ حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ يَزِيدَ حَدَّثَنَا حَيْوَةُ أَخْبَرَنِى شُرَحْبِيلُ بْنُ شَرِيكٍ أَنَّهُ سَمِعَ أَبَا عَبْدِ الرَّحْمَنِ الْحُبُلِىَّ يُحَدِّثُ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ ». (صحيح المسلم)

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Дунё бир матодур. Дунё матосининг яхшиси солиҳа аёлдир” – дедилар (Муслим, Насоий, ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Каломи Қадимда марҳамат қилади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

Яъни: “Унинг оятларидан - У зот сизлар ором олишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” (Рум, 21-22).

Шунингдек Бақара сурасида:

هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ

 “…Улap сизлap учун либoс, сизлap улap учун либoсдиpсизлap…” деган (187-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам аёллар диний, ижтимоий масалаларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб турганлар.

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ

“Аллоҳ Сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди” (Мужодала сураси, 1-оят).

Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига эрининг нотўғри муносабатидан шикоят қилиб келган аёлнинг масаласи унинг раъйига мувофиқ ечиб берилгани баён қилинади.

Шунингдек, аёллар ҳам ўз ўрнида турмуш ўртоқларини қаттиқ эҳтиром қилишлари шарт. Шундагина оила фаровонлигига етишамиз, иншооллоҳ.

وعن إِياس بنِ عبدِ اللَّه بنِ أبي ذُباب رضي اللَّه عنه قال : قال رسولُ اللَّه صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم: « لاَ تَضْربُوا إِمَاءَ اللَّهِ » رواه أبو داود بإسنادٍ صحيح

Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўрилари урманглар», дeганлар (Абу Довуд саҳиҳ санад йўли билан ривоят қилган)

Аёл бизларга Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган шундай неъмат экан, уларнинг қадрига етишлик ҳар биримизнинг вазифамиздир. Инчунун бир оилада ажрим бўлса, аввало бир аёл бахтига кўланка тушади. Кейин эса унга сал бепарволик бўлса, ўралган қоғози очилган қандга пашшалар ҳамла қилгани каби ҳар турли нигоҳлар йўлланади.

Аёллар мусулмон жамиятидаги барча эркаклар учун омонатдир. Уларни авайлаш зарур.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Read 1047 times

Мақолалар

Top