Мақолалар

Камтарлик – инсонни улуғловчи фазилат

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, унга кўп фазилатлар ато этди. Ана шундай фазилатлардан бири камтарликдир. Динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни ушбу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37 оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти).

Ояти карима ҳамда ҳадиси шарифда камтар, хокисор бўлиб, кибру ҳавога берилмасдан, ҳаддини унутмасдан, мол-дунёга, мансаб-мартабага, шон-шуҳратга эришганда, бошқаларга паст назар билан қарамасдан, барча инсон Яратганнинг бандаси эканини унутмасдан ҳаёт кечириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ таоло даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар  (Муслим ривояти).

Агар акси бўлса, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлади.

Инсоннинг тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мавжуд. Демак, инсон ўзининг аслига боқиб, ана шунга монанд тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунёга алданиб, кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.

Халқимизда “Камтарга камол” деган мақол бор Бу мақолни жуда кўп инсонлар билса-да, лекин инсоннинг ғурури гоҳида камтарликка йўл қўймайди. Шу ўринда Абу Лайс ас-Самарқандий айтадилар: “Ким ғурурини синдирмоқчи бўлса, тўртта амални қилиши керак бўлади:

  1. Тавфиқни Аллоҳ таолодан билиш. Шунда шукр қилади, нафсига мағрурланмайди.
  2. Аллоҳ таоло берган неъматларга ибрат кўзи билан қараш. Бунда ҳам шукр билан машғул бўлади, амалини кам санайди ва қилган ишига мағрурланмайди.
  3. Амалининг қабул бўлмай қолишидан қўрқиш. Шунда хавфи кучаяди, нафсига мағрурланмайди.
  4. Олдинги қилган гуноҳларига қараш. Агар гуноҳларининг яхшиликларидан оғир келишидан қўрқса, нафсига бўлган ғурури синади. Инсон қиёмат куни номаи аъмолидан нималар чиқишини билмай туриб, қандай ғурурланади?! Албатта, ғурурланиш ва хурсандчилик амал китобини ўқигандан кейин аниқ бўлади”.

 

Демак, ҳар бир инсоннинг ўзига яраша озми-кўпми ғурури мавжуд бўлиб, инсон бу ғурурни синдириб бориши, Яратганнинг изнидан чиқмаслиги, инсонларга ғурурланмаслиги, камтарлик йўлини танлаши зарур.

 

 

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,   

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Read 13563 times
Tagged under

Мақолалар

Top