Мақолалар

Аёлнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди

Аёл эркакнинг бир умрлик ҳамроҳи. Ҳаётда ҳеч ким ота ва онанинг ўрнини боса олмаганидек, аёлнинг ўрнини ҳам бошқа кимсалар боса олмайдилар. Аллоҳ таоло бу икки жинс вакилларини бир-бирларига муҳтож қилиб қўйди ва уларнинг қалбларида ўзаро бир-бирларига доимий интилиш пайдо қилди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ором олишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” (Рум, 21-22).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё бир матодур. Дунё матосининг яхшиси солиҳа хотиндур”, дедилар (Муслим, Насоий, ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Яна айтдилар: “Уч нарса одам боласининг бахти саналади: солиҳа аёл, яхши маскан, яхши улов. Одам боласининг бахтсизлигида эса қуйидаги учта нарсада кўринади: ёмон хотин, ёмон маскан ва ёмон маркаб” (Аҳмад, Табароний, Баззор ва Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда ўша солиҳа жуфт ҳалолнинг тўртта асосий сифатлари баён қилинади. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин Аллоҳга тақво қилишдан кейин солиҳа хотинчалик унинг учун фойдалик нарсани топа олмайди – унга иш буюрса, итоат қилади; унга қараса хурсанд қилади; унинг устидан қасам ичса эзгулик қилади; ундан ғойиб бўлса ўз нафси ва унинг (яъни эрининг) молига насиҳатда бўлади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло Каломи Қадимда бундай марҳамат қилади:

“…Улap сизлap учун либoс, сизлap улap учун либoсдиpсизлap…” (187-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг бирортангиз аёлига қўшилишида садақа бордир”.

“Ё Аллоҳнинг Расули! Бирортамиз шаҳватини қондирса, бу нарсада унга ажр ҳам борми?” дея сўрашди. Айтдилар: “Агар ҳаром йўл билан қондирганида, унга гуноҳ бўлармиди?”.

“Ҳа”, деб жавоб беришди.

“Худди шундай, агар ҳалол йўл билан қондирса унга ажр бўлади”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти)

 Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Read 1102 times

Мақолалар

Top