Мақолалар

Шаҳватга ҳирс қўйган хор бўлар

Муҳаммад ибн Омир ибн Шарафиддин ШИБРАВИЙ

Замон ҳар қандай нарсани ўзгар­тиради

Изоҳ. “Замон”дан мурод – вақт. Ўтаётган сония, дақиқа, соат Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани ўзгартиради. Хоҳ у инсон, хоҳ ҳайвон, хоҳ жонсиз нарсалар бўлсин – барчаси бу дунёда ҳалокат сари юз тутаётган бўлади. Демак, у тўхтовсиз ўзгаришда, наинки, у кечасини бугун, бугунини эртага топа олмайди, балки вақтнинг ҳеч бир бўлагини такрор кўрмайди. 

Аҳмоқни фақат аччиқ гап, жоҳилни эса, фақат ўткир тиғ қайтаради. 

Изоҳ. Улуғлардан нақл қилинишича, аҳмоқлик билан жиннилик ўртасида фарқ бор. Аҳмоқнинг мақсади тўғри бўлса-да, мақсадни амалга ошириш йўли нотўғри бўлади. Жинни эса танлаш лозим бўлмаган нарсани танлайди. Шунинг учун аҳмоққа рўбарў бўлсангиз, унинг гапни чўзишига эрк берманг, сизнинг юмшоқ муомалангизни у “мени маъқуллаяпти” деб қабул қилади. Фақат қаттиқ ва аччиқ сўз уни аҳмоқлигини давом эттиришдан тўсади. Жаҳлнинг давоси эса фақат илм деб аталмиш ўткир тиғдир. 

Иллатли қалб беҳуда ишларга мойил бўлади. 

Изоҳ. Беҳуда ишларга мойил бўлган қалб касалдир. Хасталик бор жойда мезон бузилади, фойда билан зарар, ёмон билан яхшининг ўрни ўзгаради. Натижада бундай қалб эгасининг хулқи хунуклашади, ичи дунё муҳаббатига тўлиб, тўғри йўлдан озади. Аксинча, ичида ҳамиша Аллоҳнинг ёди бўлган кўнгил тўғри йўлдадир. Бун­дай кўнгилга эга банда нимаики ният қил­са, ниятига эришади. Чунки кўнгил – под­шоҳ, инсондаги бошқа барча аъзолар бу подшоҳнинг ҳукми остида, унга қарам. Адо­латли подшоҳнинг эли омон, йўллари тинч бўлади. Агар ёмонлик султоннинг ўзидан чиқса, бундай элда омонлик бўлиши мумкинми?! Пайғамбар алайҳиссалом деди: “Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча эт бор. Агар у соғлом бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғломдир. Агар у бузилса, барча жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир” (Имом Бухорий ривояти)

Жасаднинг тириклиги тугаши билан поёнига етадиган дунёдаги барча оғриқлар қалб хасталиги олдида арзимас нарса. Жисмоний дард фоний ҳаёт каби ўткинчи. Лекин ёмон хулқ туфайли қалб хасталанса, абадий ҳаёт бой берилади. «Қалб хасталигининг манбаи шаҳватларга эргашиш ва унинг муолажа йўли шаҳватларни тарк этишдир», – дейди Абу Ҳомид Ғаззолий. 

Ваҳб ибн Вард айтган экан: “Нон бўлату­риб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳ­ватдир. Кимки дунё шаҳватларини севса, хорликка ҳозирлик кўраверсин”... 

Амалларнинг яхшиси – улуғлик бахш этадигани, истакларнинг яхшиси – ол­қиш қозонтирадигани.

Изоҳ. “Тожул арус” изоҳли луғатида “мажд” сўзи – “мурувват, саховат, карам, шараф” маъноларини ўз ичига олиши айтилган. Шунингдек, мажд сифати ота-боболар туфайли юзага чиқиши ҳам таъкидланган. Биз бу маъноларнинг барчасини “улуғлик” деган сўз билан ифодалашга ҳаракат қилдик. Демак, инсонни мард ва сахий қиладиган, ҳурмат ва шарафга лойиқ этадиган ҳар қандай феъл амалларнинг яхшисидир. Улуғлик ота-боболардан ўтиши ҳам ҳақ. Бас, шундай экан, кейинги авлоднинг айнимаслиги бизга, бизнинг наслни пок сақлашимизга боғлиқ.

Истакларимизнинг аксари дунёга боғ­ланган. Шунинг учун уларни яхши истак деёлмаймиз. Аслида истакларнинг яхшиси охиратга боғланганидир. Агар қалбингизни титиб, битта шундай истак тополсангиз, сизга олқишлар бўлсин! 

(Давоми бор.)

Рашид ЗОҲИД таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

 

Read 856 times

Мақолалар

Top