Мақолалар

Ҳатто ҳурмо бўлаги билан бўлсада, дўзахдан сақланинг.

Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ҳатто бир дона хурмо бўлаги билан бўлсада, дўзахдан сақланинг. Агар уни топмасангиз, яхши бир сўз билан”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда садақани чиройли қилар экан, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унинг қолдирганига ўринбосарини чиройли қилади”  яъни, Аллоҳ унинг фарзандларига муҳофаза учун яхши ўринбосар юборади.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси садақа афзал?” деб сўрашди. У зот: “Соғлом, хасис (дунёда абадий)қолишни ўйлаётган ва камбағалликдан қўрқаётган ҳолингда садақа қилмоғингдир. Жонинг то ҳалқумга келиб: Фалончига шунча, фалончига шунча, дегунингча кутиб турмайди (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: “Садақа қилинглар”, дедилар. Шунда бир киши: “Менда бир динор бор”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. “Аёлингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. “Фарзандларингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, дедилар. “Хизматкорингга нафақа қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзинг яхши билувчироқсан”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ривояти).

 Фақиҳ айтадилар: Қуйидаги хислат бандани яхшилар мартабасига ва олий даражаларга етказади.

  1. Кўп садақа қилиш.
  2. Кўп Қуръон ўқиш.
  3. Қариндошчиликни боғлаш.
  4. Касални зиёрат қилиш.
  5. Эртага ўзига келадиган кун ҳақида кўп фикрлаш.
  6. Орзу ҳавасни камайтириш ва ўлимни кўп зикр қилиш
  7. Жим ўтириш ва камгап бўлиш.
  8. Тавозеъ, оддий кийиниш, камбағалларни яхши кўриш ва улар билан аралашиб юриш, етимларга, мискинларга яқин бўлиб, уларнинг бошини силаш.

Етти хислат борки, улар садақани тўғрилайди, юксалтиради:

  1. Уни ҳалолдан бериш, чунки Аллоҳ таоло айтган: “Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан инфоқ-еҳсон қилинглар”, (Бақара сураси, 267-оят).
  2. Озгина молидан ҳам садақа бериш.
  3. Вақт ўтиб кетишидан қўрқиб, шошилиб бериш.
  4. Бахилликдан қўрқиб, уни покламоқ, яъни молларининг яхшироғидан бериш, ёмонидан эмас.
  5. Риёдан қўрқиб, уни яшириб бериш.
  6. Ажрини йўқотишдан қўрқиб миннатдан узоқ бўлиш.
  7. Унинг соҳибига гуноҳдан қўрқиб, азият етказмаслик. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: “Садақаларингизни миннат ва азият билан ботил қилмангизлар”, (Бақара сураси, 264-оят).

Қайси мусулмон бошқа мусулмонни кийинтирса Аллоҳ, уни Жаннат яхшиликлари билан кийинтиради. Қайси мусулмон оч қолган мусулмонни едирса, Аллоҳ унга Жаннат меваларидан едиради. Ким чанқаган мусулмонни чанқоғини қондирса, Аллоҳ уни асалдай ширин тоза сут билан қондиради.

Аллоҳнинг Расулидан сўрашди: “Қайси садақанинг фазилати улуғроқ” У зот: “Ичида сенга яширинча адоват (душманлик) сақлаётган яқин танишларга берилган садақа”, дедилар.

  Абдуллоҳ Парпиев

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Read 5541 times
Tagged under

Мақолалар

Top