Мақолалар

Мусулмоннинг айбини яшириш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки мўминдан дунё ғамларидан бир ғамни аритадиган бўлса, Аллоҳ қиёмат кунидаги ғамлардан бир ғамни ундан аритади” (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Маълум бўладики, кимда-ким “Аллоҳ таоло қиёмат куни кулфат ва ғамларимни аритсин”, деса, у мусулмонларнинг ғамларини аритишда жонбозлик қилиши даркор! Умуман, ҳар бир мусулмон ушбу ҳадисдан насиҳат олиб, одамларга ёрдам беришга, уларнинг оғирини енгил қиришга уринмоғи лозим!

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мусулмон(нинг гуноҳи)ни яширса, Аллоҳ у(нинг гуноҳи)ни дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади”.

Ислом дини ҳар бир мусулмонни бошқаларнинг гуноҳини ёпишга ундайди, зотан, биз инсонмиз, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, гоҳида бандачилик қилиб гуноҳга қўл уриб қўямиз. Лекин, одамлар орасида гуноҳ ишнинг ёйилишига, тарқалишига сабабчи бўлиб қолмаслигимиз керак. Бунинг йўли – бошқаларнинг гуноҳини ёпишимиздадир, шунда Аллоҳ дунё ва охиратда бизнинг ҳам гуноҳларимизни ёпгай!

Қуйидаги сатрлар, насиҳатлар буюк уламоларимиздан бугунга қадар нақл қилиб келинади:

“Бошқанинг ғамини аритишинг ғаминг аришига сабаб бўлади!

Гуноҳларинг яширилишини истасанг, бошқаларнинг гуноҳини яшир!

Бошқаларга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Модомики, банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”.

Бу набавий кўрсатмадан ўрганадиганимиз – мусулмон киши барча ишларида Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришишининг йўли бошқаларга ёрдам бериш билан шуғулланишида экан. Аллоҳ таолонинг борлиқда жорий қилган одатларидан бири – кўринишидан бошқа учун қилган амалингиз аслида ўзингиз учун бўлади ва бу орқали сизга Аллоҳ таоло томонидан тавфиқ берилади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 759 times

Мақолалар

Top