Мақолалар

Ҳаж сафари вақтида аёллар ҳайз кўриб қолса (5 қисм)
  1. Ҳаж сафари вақтида аёллар ҳайз кўриб қолса, масжиди Набавийга, масжиди Ҳаромга ва бошқа масжидларга кирмайди. Ҳайз ҳолатида масжидга кирса қаттиқ гуноҳкор бўлади.
  2. Аёллар ҳаж амалларини бошлашдан олдин ҳайз бошланиб қолса, меҳмонхонада ғусл қилади, ният қилиб эҳромга киради ва талбия айтишни бошлайди. Ният ва талбия айтиш билан эҳромга тўлиқ кирган ҳисобланади.
  3. Ҳайз кўрган аёл масжидга кирмайди, намоз ва Қуръон ўқимайди.
  4. Ҳаж сафаридаги аёл ҳайз кўриб қолса Минога, Арофатга, Муздалифага бориши, шайтонга тош отиши ва қурбонлик қилиши мумкин.
  5. Ҳайз кўрган аёл Маккаи мукаррамага етиб келгач, Масжидул Ҳаромга кирмайди, тавоф ва саъй қилмайди.
  6. Ҳайз кўрган аёл эҳромда бўлганлиги боис узрли кунларда ҳам эҳтиёт бўлиши керак, чунки эҳромда мумкин бўлмаган ҳолатлар (мушк, атир, нам салфетка, хушбўй таглик, хушбўй косметикадан фойдаланиш, дарахт баргларини узиш, жониворларга озор бериш ва бошқалар билан жанжаллашиш) мумкин эмас.
  7. Ҳайзли ҳолатда ҳам салавотлар, тасбеҳлар ва дуолар қилиш мумкин.
  8. Эҳром ҳолатида ҳайз тугагандан кейин ғуслни покланиш учун қилади ва Каъбани 7 марта тавоф қилади, 2 ракат тавоф намозини ўқийди, дуо билан зам-зам суви ичади ва дуо билан Сафодан бошлаб Марва томонга саъйни бошлайди. 7 марта саъй қилинади
  9. Тавоф вақтида ҳайз кўриб қолса, ўша заҳоти тавофни тўхтатади ва масжиддан чиқади. Поклангач, ғусл қилиб тавоф, саъй қилади ва соч кестиради. Эҳромдан чиқилади.
  10. Тавофни тугатгач, ҳайз кўриб қолса, тавоф намозини ўқимай, тезда саъй қилишга ўтади ва 7 марта саъй қилади. Қолиб кетган тавоф намозини поклангандан кейин Ҳарамда, уни имкони бўлмаса, хоҳлаган жойда ўқиб қўяди.
  11. Ҳаж учун эҳромга кирган аёл ҳайз кўриб қолса, ҳайздан пок бўлгач, қайтадан эҳромга кирмайди, балки биринчи боғлаган эҳроми билан давом эттираверади.
  12. Аёл киши таматтуъ ниятида мийқотдан умра қилишга эҳром боғлаб, умра арконларини адо қилишдан илгари ҳайз кўриб қолса ва ҳаж амаллари бошлангунича ҳайздан пок бўлмаса, умра эҳромидан чиқиб, ҳаж учун эҳром боғлайди ва ҳаж амалларини бажариб бўлгач, умра қазосини адо қилади. Лекин, биринчи боғлаган эҳромидан умра қилмай чиққанлиги учун зиммасига қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади ва унинг ҳажи таматтуъ эмас, балки ҳажи ифрод бўлади. (Фатҳул мулҳим). Кейин умрани қазо қилиб қўяди ва қўй сўяди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

 

Read 272 times

Мақолалар

Top