Мақолалар

Жума намозида сафларни тўлдириш

Cавол: Жума намозига борганимизда ҳаво иссиқ бўлганлиги учун баъзи одамлар сафларни тўлдиришга эътибор бермай, соя жойлардан туриб иқтидо қилишади. Орада очиқ жойлар қолганлигидан уларнинг намозлари тўғри бўладими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Намозда сафларни тўлдириш, текис қилиш ва орада очиқ жойлар қолдирмаслик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп ҳадислар ворид бўлган.

Шунинг учун намозхонлар сафларни тўлдириш, текис қилишга алоҳида эътибор қаратишлари керак бўлади. Аммо, сафларни тўлдириш ва текислигига эътиборсизлик қилиб намозларини адо қилсалар, гарчи намоз адо бўлсада, Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳнинг “Роддул Муҳтор”да келтиришларича таҳриман (ҳаромга яқин) макруҳ бўлади. Бу ўринда ҳавонинг иссиқ ёки совуқ бўлиши ва шу сабаб намозхонлар соя жойларга ўтиб олиши узр ҳисобланмайди. Балки машаққат зиёда бўлиши бериладиган ажрнинг ҳам зиёда кўпайишига сабаб бўлади.

Шунингдек, заруратсиз масжид томида намоз ўқишлик макруҳдир.

Шунинг учун қаттиқ иссиқ бўлган вақт масжид томида жамоат билан намоз ўқишлик макруҳдир. Аммо, масжид торлик қилиб томга чиқишликнинг зарари йўқ. Иссиқнинг ўзи заруратни келтириб чиқармайди. Иссиқ сабабли машаққат ортади бу эса ажрни зиёда бўлишлигига сабаб бўлади (Фатовои Ҳиндия”. Ж.5. – Б.322. Нисобул иҳтисоб”. – Б.32.).

Шуни ҳам ёдда тутиш лозим: Ушбу ҳолат масжид ҳудудидан ташқарида бўлса, иқтидо дуруст бўлмайди. Чунки иқтидо дуруст бўлиши учун имом ва муқтадийнинг макони бир бўлиши, яъни турган жойи бир бўлиши шартдир. Шуни эслатиб ўтиш керакки, Масжид саҳни ва ҳовлиси масжид ҳудуди ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 914 times
Tagged under

Мақолалар

Top