Мақолалар

Агар олим илмига амал қилмаса

Тарбияга оид назария ва услублар татбиқ этадиган, амалда қўллайдиган одамга муҳтож. Бусиз назариялар варақдаги сиёҳлигича қолиб кетади.

Шунинг учун ҳам илоҳий манҳаж башариятни ислоҳ этишда, ҳидоятга чорлашда шариат таълимотларини амалий дастур сифатида кўрсатиб берувчи намунага суянган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан ўша намуна эдилар. Исломий манҳажни, шариат ҳукларини воқеъликка чиқарар, ҳаётда бажариб кўрсатиб берар эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Бу ишга салафи солиҳларимиз бепарво қарашмаган, алоҳида эътибор беришган. Тарбиячиларни бунга тарғиб этишган. Масалан, Умар ибн Утба раҳимаҳуллоҳни олайлик, у зот ўғлининг мураббийсига шундай деб уқтирарди: “Болаларимни ислоҳ қилишда биринчи қиладиган ишинг – ўзингни ислоҳ қилиш бўлсин. Чунки уларнинг кўзи сенга боғланган, диққат эътибори сенга қаратилган бўлади. Сен қилган ҳар қандай иш уларга тўғри ва яхши иш бўлиб кўринади. Сен тарк этган иш улар учун ёмон иш сифатида кўринади”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон илм талабида бўларкан, бу унинг хушуъсида, юрган йўлида, тилида, кўзида ва қўлида намоён бўлишига уриниши лозим”.

Болалар ота-оналарига синчковлик билан қарайдилар, уларнинг тутган ишидан ўйлаб ўтирмай таъсирланадилар. Гоҳида ота ёки она парво ҳам қилмаган иш фарзанд учун катта иш бўлиб кўриниши мумкин!

Намуна бўлган мўмин дин душманлари учун ҳар қандай қуролдан-да каттароқ хавф туғдиради. Шунинг учун ҳам одамлар Аллоҳ йўлида сарфлагани тиллоларни сўрашганда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен эса Абу Убайда ибнул Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдек ҳақиқий эркакларга бош бўлиб, Аллоҳнинг сўзини олий қилиш йўлида улардан ёрдам олган бўлар эдим”.

Суфён ибн Уяйна айтади: “Куним тентакнинг кунидек ўтса, туним билимсиз одамнинг тунидек ўтса, ёзган илмимни нима қиламан, унинг менга нима фойдаси бўлади?!”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бундай дер экан: “Олимларнинг илмини, ҳакимларнинг ғаройиб ҳикматларини йиғиб, ўзи эса амалга келганда тентакларнинг йўлидан юрадиган одамлардан бўлма!”.

Яхшилик борасида намуналар бор бўлганидек, залолатда намуна бўладиганлар ҳам топилади. Одамлар унга энг олий намунадек қарайдилар. У хато йўлга юрса, у билан бирга хато йўлга юрадилар. Бундан кейин у хатосини тушуниб тўғри йўлга қайтса ҳам, улар қайтмайдилар!

Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олим агар илмига амал қилмаса, мавъизаси қалбларга тушмайди, қалбларда жойлашмайди, худди ёмғир силлиқ тошнинг устига жойлашмай, сидирилиб тушиб кетганидек”.

Ўзингизни шундай бир намунадек тутингки, фарзандларингиз сиз билан фахрланишсин ва сиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида у бирла фахрлана олинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 914 times

Мақолалар

Top