Мақолалар

Ижтимоий тармоқдаги “тренд”ларга бир назар
 

Бўш вақтларимизда ижтимоий тар­моқларда турли видеоларни томоша қи­ламиз. Маъқул келса, дўстларимиз ва яқинларимизга ҳам улашамиз.

Кейинги пайтларда тармоқларда одоб-ахлоққа, инсонийликка чорловчи видеолар кўпаймоқда. Айниқса, ижтимоий билим улашувчи, тадбиркорлик ва замонавий технологиялар билан шуғулланувчи блогерларимиз халқимизга манфаатли контентларни улашяпти.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ахлоқ­сизлик, беҳаёлик ва ваҳшийликни тарғиб қилувчи видеоконтентлар ҳам талайгина. Айрим вайнерларнинг мавзуларига назар солсак, эр-хотин, қайнона-келин, дўст ва дугоналар орасидаги муносабатлар, бошқа турли трендларни такрорлаш бўлиб қолган. Сўзларни бузиб, шеваю жаргонлардан фойдаланиш эса одат тусига кирмоқда.

Булар орасида инстаграм тармоғида қайнотасининг ҳисобига яшовчи эркаклар мавзусидаги видеолар талайгина экани кишини таажжубга солади. Унда йигитларнинг боқиманда, қўлидан ҳеч иш келмайдиган ландовур, аёлининг ёки ота-онасининг ҳисобига яшаши кулги қилиняпти ва бу оддий ҳолдек кўрсатилган. Бу ҳазил, албатта. Лекин унинг замирида “зили” бормасмикин? Чунки бундай видеоларнинг кўплиги йигитларимизда ана шу тушунчани ҳосил қилиб қўймаяптими? Ҳаётда орияти йўқ йигитлар кўпайиб бораётга­нини инобатга олсак, бу мавзуга бошқача ёндашиш кераклиги ойдинлашади. Афсуски, мард, қаҳрамон, юрт ҳимоячиси ёки эр киши оиласининг қўрғони, аёлининг таянчи, фарзандларининг ишонган тоғи эканини ифодалайдиган видеолар кам.

Шуниси ҳам борки, кейинги пайтларда баъзи йигитларимиз орасида беҳаё видеоларни тарқатиш урфга кирган. Шу билан бирга, тўю тантаналарда, байраму йиғинларда йигит кишига ярашмайдиган хурмача қилиқлар қилиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш ҳам кўпаймоқда. Улар бу билан нимага эришмоқчи? Наҳот бир­гина лайк ёки машҳур бўлиш киши ор-номуси, ҳаёсидан устун бўлса!?

Афсуски, баъзи қизларимиз ҳам ижтимоий тармоқ саҳифа­ларида обуначилар ва лайклар сони ошиши учун очиқдан-очиқ беҳаё суратларини жойлайди. Бу эса айрим кузатувчилар томонидан илиқ қарши олинади. Саҳифаси бундай суратлар билан тўлган қизларимиз эртага бир йигитнинг ёри, кимгадир келин ёки она бўлишини наҳот ўйламасалар. Шунингдек, тармоқларда айрим қизларнинг муомала маданиятидан йироқ эканини кўриб ёқа ушлайсан. Эртага у қандай она, қандай келин бўларкин?

Қолаверса, шу кунларда тар­моқларда баъзилар ўзининг бир ­кунлик ҳаётини кенг оммага икир-чикиригача намойиш этиш одат тусига кирмоқда. Улар ўз са­ҳифаларида ҳашаматли яшаши, қиммат автомашиналар миниши, нима тановул қилаётгани ёки чет элларга саёҳати, аёли, ота-она, ака-ука ёки дўстларига машина, уй совға қилишини кўз-кўз қилмоқда. Бу кибр бўлиши билан бирга ҳаёсизлик ҳам эмасми? Бу иллат урфга кириб бораётгани ачинарли ҳол. Бу видео­ларни кўриб, кимдир ҳавас қилса, кимдир ҳаётидан нолишга тушади. Бунинг ортидан оилавий можаролар келиб чиқиши ҳеч гапмас.

– Динимиз беҳаёликдан, кибру риёдан қайтаради. Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Риёнинг камлиги ҳам ширкдир, деганлар, – дейди Тошкент ша­ҳар “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ дом­ла Абдураззоқов. – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё иймондандир, иймон эса жаннатдадир. Беҳаёлик қўполлик, шафқатсизликдир, қў­поллик эса дўзахдадир, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳаё кишиларни ёмон йўлдан қайтаради, яхшиликка ундайди. Кимнинг ҳаё­си бўлмаса, қабиҳ ишларни тап тортмасдан қилаверади. Ҳадисда айтилганидек, қабиҳ ишлар охири дўзахга олиб боради. Шу боис бугун ижтимоий тармоқларга бирор хабар ёки видео жойлаётганда, жуда ҳушёр бўлиш керак. Одамларга яхшилик улашиш пайида бўлайлик, маънисиз, савиясиз, манфаатсиз видеолардан тийилайлик. Шунда ўзимиз учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали иш қилган бўламиз. 

Шоҳрух УБАЙДУЛЛОҲ

Read 681 times

Мақолалар

Top