Мақолалар

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири... Оилавий сирни сақлаш

Инсон зоти ҳар доим ўзига юпанчиқ бўладиган бир дардкашга, унинг сирларини сақлай оладиган сирдошга муҳтож. Аллоҳ таоло бандаларидаги ушбу эҳтиёжни никоҳ деб аталмиш неъмат ила қондирган.

Бу борада Каломи шарифда шундай марҳамат қилинади:

 وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ 

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Никоҳ – Аллоҳ таолонинг амри ила инсонлар орасида инсоният насли давомийлигини таъмин  этадиган ҳамда гуноҳлардан тўсиб, қурбат ҳосил қилинадиган ибодатга айланди. Шунинг учун ҳам ана шу қурбат ҳосил қилинадиган ибодатни йўқотиш, яъни оилани барбод қилиш энг катта гуноҳлардан бири этиб белгиланди. Шу боисдан динимизда оила алоқаларини мустаҳкамлайдиган омилларга алоҳида эътибор қаратилган. Ана шундай омиллардан бири эр-хотиннинг оилавий сирни сақлаш”га қатъий риоя қилмоғидир.

Келинг, дастлаб сир нима эканини яна бир бор аниқлаштириб олайлик.

Сир – кишиларнинг бошқалар ундан хабардор бўлиб қолишидан сақлаб келадиган маълумотидир. Ҳар бир кишининг ўзига яраша сирлари, бошқаларнинг хабардор бўлишидан яширадиган ишлари мавжуд. Лекин камдан-кам инсонларгина сирларини ўзлари билан олиб кетадилар. Кўпчилик эса бу сирларни кўтариб юришга дош бера олмай, бошқа бировга – ўзи ишонган, ўзи яхши кўрадиган кишиларга ёрилади.

Аслида, сир кишининг ёлғиз ўзи ёки тарафлар ўртасида бўлиши мумкин.  Ўзлари билан сирларини олиб кетиш сирнинг биринчи турига киради. Биз бугун тарафлар ўртасидаги сир, унга боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритамиз. Чунки оиладаги сир икки тарафга ҳам бирдек боғлиқ бўлган ишдир.

Муқаддас динимиз  бировнинг айбларини беркитиш, бошқаларнинг сирларини ошкор қилмасликни буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:

Ким бир мўминнинг айбларини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбларини дунё ва охиратда беркитади...”

Эр-хотин ҳам бир-бирининг сирлари борасида масъул бўлиб, бу сирларни бошқалардан сақлаш, ташқарига чиқиб, ёйилиб кетишидан ҳимоялаш уларнинг умумий мажбуриятидир. Эр-хотин бошқалардан сақлаши лозим бўлган сирлар бу – эр-хотинлик муносабатлари ва уларнинг хилқати борасидаги маълумотлардир.

Динимизда оилавий маълумотларни бегоналарга  тарқатиш катта гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оиласидаги маълумотларни тарқатган кишилар ҳақида қуйидагича тавсиф берганлар:

فعن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: هل منكم رجل أتى أهله، فأغلق عليه بابه، وألقى عليه ستره، واستتر بستر الله؟ قالوا: نعم. قال: ثم يجلس بعد ذلك، فيقول: فعلت كذا، فعلت كذا. فسكتوا، ثم أقبل على النساء؛ فقال: منكن من تحدِّث؟ فسكتن، فجثت فتاة كعاب، على إحدى ركبتيها، وتطاولت لرسول الله صلى الله عليه وسلم ليراها ويسمع كلامها، فقالت: يا رسول الله، إنهم ليحدثون، وإنهن ليحدثن، فقال: هل تدرون ما مثل ذلك؟ إنما مثل ذلك مثل شيطانة لقيت شيطانًا في السكة، فقضى حاجته والناس ينظرون إليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Сизларнинг орангизда эшикларини ёпиб, пардаларини тушириб, Аллоҳ таоло сатри ила тўсилиб ўз аёлига яқинлашадиган кишилар бор-а?” Саҳобаи киромлар: “Шундай”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шундан сўнг ўтириб: “(аёлим билан) ундай қилдим, бундай қилдим”, деб айтадими?”, дедилар. Саҳобаи киромлар сукут қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга юзланиб: “Сизлар орангизда (мана шундай) деб айтадиганлар борми?”, дедилар. Улар ҳам сукут  қилишди. Шунда бўйи етган бир қиз тиззаларидан бирига суяниб, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриши ва овозини эшитишлари учун бўйнини чўза бошлади. Сўнгра: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, бу эркаклар (сиз айтганингиздек) гапирадилар, бу аёллар ҳам гапирадилар”, деди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана ўшаларнинг мисоли қандайлигини биласизларми? Уларнинг мисоли худди йўлда бошқа  шайтонга йўлиқиб, сўнгра ўша шайтон ундан инсонлар кўз олдида ўз ҳожатини раво қилган урғочи шайтон кабидир”, дедилар

Ушбу ҳадиси шарифда оила сирини олиб чиқувчи кишининг урғочи шайтонга ўхшатилаётганидан бу иллат энг катта тубанлик эканини билиб олишимиз мумкин.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулимиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар:

فعن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه سلم:  إنَّ مِن أشرِّ الناس عند الله منزلة يوم القيامة الرجل يفضي إلى المرأة، وتفضي إليه ثم ينشر سرَّها.

“Аллоҳ таоло наздида қиёмат кунида инсонларнинг энг ёмонроғи аёлига яқинлашиб, сўнгра аёлининг сирини бошқаларга тарқатган кишидир”.

Бу ҳадисдан эркакми ёки аёл, қайси бири бўлса ҳам ўзларининг ҳолатларини бошқалардан яширмоғи лозим эканини зоҳир бўлади.

Уламоларимиз айтадилар: “Аёл киши ўз эри билан бўлган ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга ҳаттоки кундошига ҳам айтиши мутлақо жоиз эмас! Чунки бу сир, сирни ошкор қилиш эса шаръан ҳаромдир”.

Эр-хотинлар бундан бошқа ўзаро сирларни ҳам ташқарига чиқармаслиги одоб саналади. Агарчи ўрталари бузилиб кетган бўлса ҳам.

Бу борада азизлардан бирининг ҳаётида рўй берган қуйидаги қисса ниҳоятда ибратлидир: “Солиҳлардан бири ўз аёли билан келиша олмай қолди. Маҳкамага чақиришибди. У кишига шериклари аёлингизнинг ёмон одатлари ҳақида айтинг, дедилар. Шунда солиҳ киши: “У менинг жуфти ҳалолим бўлса, унинг ҳар бир сири – у ва менинг ўртамиздаги сирдир. Нега энди мен ўз аёлимнинг ва оиламнинг сирини ташқарига чиқаришим керак экан!”,-деб жавоб берибди. Орадан вақт ўтиб ўша солиҳ киши аёли билан барибир ажралибди. Буни эшитган хайрихоҳ дўстлари: “Хўш, энди айтарсиз, собиқ хотинингизнинг нима айблари борлигини! Ахир энди у сизга бегона”, дедилар. Солиҳ киши эса: “Тўғри айтасиз, у энди менга бегона, бегона аёл билан менинг нима ишим бор”, деб жавоб берибди”.

Исломий тарбиянинг гўзаллигига бир эътибор қилайлик-а! Бошқалар у борада ёмон фикрда бўлмаслиги учун ҳатто турмуши бузилган аёлнинг сирига ҳам риоя қилинмоқда. Мана шу энг олий даражадаги комиллик, энг юксак инсонийлик эмасми?

Демак, оилаларимиз мустаҳкамлигида оила сирларини махфий тутиш, оила муқаддаслигини унутмаслик, энг муҳими, эр-хотин бири-бирига самимий ишонч руҳида яшамоғи лозим экан. Аллоҳ таоло барчамизни ўз оиласи шаънини ҳимоя қиладиган, уларни бошқалардан асраб-авайлайдиган комил мусулмонлардан қилсин.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Read 10032 times
Tagged under

Мақолалар

Top