Мақолалар

Ҳажга кетишдан олдин ўқиб олинг!

Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон иложи борича ҳажнинг шартлари, рукнлари, одобларини ўқиб, ўрганиб ёки сўраб билиб олиши шарт. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё сураси, 7-оят).

Муборак ҳаж ибодатининг барча тартиб, қоидаларини тушуниб, адо этилса, унинг мукаммал бажарилиши ва савобининг ортишига сабаб бўлади. Зеро, илмсиз амал мевасиз дарахт кабидир.

Энг аввало ҳаж ибодатини адо этишда унинг моҳиятини яхши англаб олиш лозим. Ҳаж нақадар муборак ва ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ибодат эканини тушуниб етган банда бу амални тўла-тўкис адо қилишга шавқи ортади, азму қарор қилади.

Ҳаж ибодатига борувчи киши учун аввало ҳажни холис Аллоҳ учун ният қилмоғи талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло фақат холис қилинган амалнигина қабул қилади.

Ҳаж ибодатини истаган киши риё (биров кўрсин)дан ва сумъа (биров эшитсин)дан, одамлар мақташи, уни ибодатли киши ёки ҳожи деб айтишларини яхши кўриш ва шунга ўхшаш бошқа нафс алдовларидан сақланади.

Ҳаж ибодатига борадиган киши дунёдан кетаётгандек бўлмоғи лозим. Ҳаж ана шундай ибодатки бунда банда барча шаҳват, лаззатлардан, орзу-ҳаваслардан, оиласи, яқинларидан, лавозим, мансабидан, ҳатто устидаги кийимларидан ҳам ажралиб чиқиб, буюк Роббига юзланади.

Шунингдек, барча гуноҳларига тавба қилади. Дастлаб ўзи билан Робби ўртасидаги гуноҳларига тавба қилиб, барча гуноҳ-маъсиятлари учун тили билан Аллоҳга истиғфор айтади ва надомат қилади.

Зиммасидаги ибодатларининг қазосини адо этишга киришади. Чунки қолдирган ибодатларни қазосини ўтамагунича унга тавба фойда бермайди, сўнг надомат қилади ва Аллоҳ таолога истиғфор айтади.

Сўнгра бандаларга таалуқли бўлган гуноҳларига тавба қилади, кимнинг ўзига ёки молига зулм қилган бўлса, Аллоҳ таолодан мағфират сўраш билан бирга мол эгасидан кечирим сўраб, рози қилади.

Ҳажга тайёргарлик кўриш асносида зарур нарсаларни йиғиб, жамлашга киришганда эса охират кунига нималар жамлаб қўйганини эсига олсин.

Устидаги кийимларини ечиб, оқ икки матони ўраётганида кафанни ёдига олсин.

Эҳром либосига кирган ҳожилар бир хил бўлиб, улар орасидан бой билан камбағални, подшоҳ билан гадойни ажратиб бўлмайди. Бу баробарлик ўлимдан кейин барчаларининг кафан либосида тенг бўлишларини эслатади. Аслида вафот этган ҳар бир кишининг ҳолати шундай. Ювилади, либосларидан ечинтирилади ва оқ чойшабга ўралади. Сўнг унга (жаноза) намози ўқилиб, қабрга қўйилади.

Ҳаж қилувчи мийқотда либосини ечиб, эҳромни кийганида ушбу ҳолатни кўпроқ эслаши лозим. Дунё ҳаёти бир кун келиб албатта ўз ниҳоясига етишини ва ухровий ҳаёти бошланадиган ўлимни ёдга олади.

"Лаббайка"ни айтишни бошлаганида Аллоҳ таолонинг амри фармонига жавоб бераётганини эсга олсин. Қабул этишини умид қилиб, қабул бўлмай қолишидан қўрқиб турсин.

Ҳарамга етганида Аллоҳ таолога ўзини меҳмонлари мартабасига эриштиргани учун шукр қилсин.

Байтуллоҳга илк бор кўзи тушганида ҳамда Байтуллоҳни тавоф қилиш нақадар улуғворлигини ҳис этсин.

Ҳажарул асвадни қўли билан ушлаган ёки ишора қилганида Аллоҳ таолога барча гуноҳларидан тавба қилишга, буйруқларига итоат қилишга ваъда берсин ва бу ваъдасига вафо қилишга азму қарор қилсин.

Каъбаи Муаззаманинг эшигига осилганида ва Мултазамда турганида гуноҳкор банда Ўз Роббисининг байти остонасида турганини билсин.

Сафо ва Марва орасида саъй қилаётганида қиёмат кунини эсласин. Ҳар саъй қилаётганидаги бориб-келишни "қиёматнинг аросати" деб ўйласин.

Арафотда турганида, одамларнинг тўпланганини кўрганида, овозларининг кўтарилишини эшитганида, тилларининг турли-туманлигини билганида қиёмат кунидаги маҳшаргоҳни, унда халойиқнинг жамланишини ва шафоат сўрашларини эсга олсин.

Шайтонга тош отишда Аллоҳ таолога қулликни намоён қилишни ва буйруққа бўйсуниб, уни адо этишни қасд қилсин.

Қурбонлик сўйиш пайтида бу ишнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг муҳим турларидан бири эканини, қурбонликнинг ҳар бир бўлаги эвазига қурбонлик қилувчининг бир бўлаги дўзахдан халос бўлишини эсласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 903 times
Tagged under

Мақолалар

Top