Мақолалар

Соқолидан хамр томиб турганини кўрсам...

Толҳа ибн Абдуроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.

Бир куни унга хотини:

- “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” - деди.

У:

- Нима учун бундай деяпсан?” – деб сўради.

Хотини:

- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.

Толҳа хотинига қараб:

- Аллоҳга қасамки, бу уларнинг гўзал хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.

Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб бундай дейди:

- Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!

 

Салаф солиҳлардан бири:

“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни ароқ) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, “Мен сизларнинг олий Роббингизман”), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан” - деган экан.

 

Уламолар айтадилар: “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.

 

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: “Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.

 

Read 443 times

Мақолалар

Top