Мақолалар

Эҳромдаги одам камар тақса бўладими?

Cавол: Ҳаж ва умрага борган одам, эҳромга кирганда изорни ушлаб туриши учун камар тақса бўладими? Ридосини тушиб кетмайдиган қилиб магнит ёки шунга ўхшаган нарсалар билан маҳкамлаб олса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Эҳромдаги одамга бир нечта тақиқланган ишлар бор. Ўша тақиқланган ишлардан бири — эҳромда тикилган кийим кийиш. Оддий камар, гарчи тикилган кийим бўлмасада, бироқ унга ўхшаб изорни ушлаб туради. Шунинг учун агар изорни маҳкам ушлаш мақсадида камар тақса, макруҳ. Лекин камарда ҳамён бўлса ва унга нафақа (пул) солиб белига боғлаб олса, буни зарари йўқ.

“Эҳромдаги одам ўзининг нафақаси ёки бошқа кишининг нафақаси солинган ҳамёнли камар тақишининг зарари йўқ. Шу ўринда камар илгакли ёки чарм тасмали бўлсин фарқи йўқ. Оиша онамиздан эҳромдаги одам ҳамёнини қандай олиб юриши ҳақида сўралганида: “Нафақангни (белингга) маҳкам боғлаб ол”, дедилар. Бу жойда Оиша онамиз розияллоҳу анҳу ҳукмни мутлақ айтдилар, тафсир қилмадилар.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдаги одам нафақа солинган ҳамёнини белига боғлашига рухсат бердилар".

Бу гапга тобеъинлардан Саъид ибни Жубайр, Ато, Товус розияллоҳу анҳумлар юрганлар. Чунки ҳамён ва камарнинг ўралиши изорнинг ўралгани каби бўлади (яъни тикилган кийим кийишга ўхшамайди) (“Бадоъус-саноиъ” китоби).

“Эҳромдаги одам ридосини тугмаласа, гуноҳкор бўлади. Эҳромдаги одам изорини бирор ип ва шунга ўхшаш нарсалар билан боғласа ҳам, ридосини тугмалагани каби бўлади ва бу тикилган кийимни кийишга ўхшаб қолади. Чунки тугмалаш сабабли изорни ечилиб кетишидан сақлаб туришга ҳожат қолмайди. Ҳамённи белга боғлаш бунга ўхшамайди. Чунки ҳамён одатда изорни ичидан боғланади. Шундай экан ҳамённи белга боғлаш: ундаги нафақани сақлаш учун, изорни маҳкам ушлаш учун эмас. Изорни ичидан ёки устидан ҳамёнда пулини сақлаш ниятда боғласа буни зарари йўқ. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эҳром кийган кишининг изорини устидан ип боғлаб олганини кўриб: “Бу ипингни ташлагин”, деганлар (“Раддул муҳтор” ва “Мабсут” китоблари).

Хулоса: Эҳромдаги одам камар тақишдан мақсади, ундаги ҳамёнга нафақа солиш ва уни ўзи билан эҳтиёт қилиб юриш бўлса, буни зарари йўқ. Бироқ камар тақишдан мақсад изорни маҳкам ушлаб туриш бўлса, макруҳ бўлади, лекин қон вожиб бўлмайди.

“Муҳрим изор ва ридосини тугмаласа, ёки тўғнагич билан маҳкамласа, ёки изорини боғлаб олса гуноҳкор бўлади. Лекин унга қон вожиб бўлмайди (“Дуррул мухтор” китоби).

Муҳрим ридосини тўғноғич билан жамламайди (“Мабсут” китоби).

Хулоса: Муҳрим эҳромдалик ҳолатида ридосига ҳар хил тугма ва шунга ўхшаш кийимни гўё тикилгандай маҳкам ушлаб турадиган нарсалар билан маҳкамлаш макруҳдир. Лекин бу ҳолат қон чиқаришни вожиб қилмайди. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 886 times

Мақолалар

Top