Мақолалар

Нега жаннатда май ичишга рухсат этилган?

Cавол: Нега бу дунёда май (маст қилувчи ичимлик) ичиш мумкинмасу, нариги дунёда ичиш мумкин? Нега бу дунёда тақиқланган бўлса, у дунёда тақиқланмаган?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳисоб-китобдан кейин жаннат аҳли жаннатга киргач улардан имтиҳон ва синов кўтарилади. Уларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлади ва Аллоҳ таоло уларга турли ноз неъматларини сероб қилади. Шу жумладан дунёда ҳаром қилинган баъзи нарсаларни сабр ва тоату ибодатларига мукофот ўлароқ жаннатда ҳалол қилади. Масалан, олтин ва ипак дунёда эркаклар учун ҳаром қилинган. Жаннатда эса барчага бирдек ҳалол қилинади.

Ҳудди шунингдек, охиратда жаннатда май ҳам бўлади. Аммо жаннат майи билан дунёдаги майнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Дунё майи одамни маст қилади, ақлни кетказади, ичишга ёқимсиз бўлади, бошни оғритади, қайт қилдиради, бавлни кўпайтиради, ва уни ичган одам алжираб гапиради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни ёмонликларнинг онаси (асоси) деб айтганлар: “Май ёмонликларнинг онасидир. Уни ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди. Қорнида май бўлган ҳолда ўлган киши жоҳилият ўлимида ўлим топган бўлади” (Имом Табароний ривояти).

Аммо жаннатдаги май эса ярқираб жиловланувчи оқ ранда бўлади, ичганда лаззатли бўлади, ақлни олмайди, ичган одам алжирамайди, бошни оғритмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло уни васф этиб, шундай марҳамат қилган: “У оппоқ, ичгувчига лаззатбахшдир. Унда ҳеч бир зарар йўқдир ва ундан сархуш ҳам бўлмаслар” (Соффат сураси, 46-47-оят).

Бошқа оятда: “Улар (жаннат аҳли) унда қадаҳларни бир-бирларига узатурлар. У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ” (Тур сураси, 23-оят.)

Бошқа бир оятда эса: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки): ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр (шароб)ли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. (Ўшалар) оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми? (Муҳаммад сураси, 15-оят).

Жаннат шароби дунёдаги шаробдан топиладиган барча салбий сифатлардан холидир. Номи бир хил экани уларнинг жинси ҳам бир хил эканини ифода қилмайди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бир нарсани ҳалол қилиш ёки ҳаром қилиш бу фақат Аллоҳ таолонинг ҳукми ва иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳукм жорий қилар экан, бандалар ўша ҳикматни билиш ёки билмаслигидан қатъий назар албатта, унинг ортида ҳикмат бор.

Дунё ва охиратни бир-бирига қиёслаш тўғри бўлмайди. Чунки бу дунё имтиҳон дунёси. Охират эса жазо ва мукофот дунёсидир.

Аллоҳ таоло дунёда ҳалол ва ҳаромга боғлиқ ҳукмларни бандаларнинг синови учун жорий қилган. Бандадан талаб қилингани эса унга итоат қилишдир. Аллоҳга иймон келтирган банда эшитдик ва итоат қилдик, дейди. Ўзига зулм қилувчи бандалар эса эшитдик, лекин итоат қилмаймиз, дейди.

Зеро, Аллоҳ таоло қилган ишларидан сўралмайдиган зот. Бандалар эса сўралувчидирлар.

“У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар” (Анбиё сураси, 23-оят). Тавфиқ Аллоҳдан.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 765 times

Мақолалар

Top