Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг оилани мустаҳкамлашдаги услублари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари билан ҳар кўришганларида ўртадаги меҳрни мустаҳкамлашга жуда ҳарис эдилар. Бунинг учун муҳаббатни оширадиган ва қалбларни улфат қиладиган услубда уларга пешвоз чиққанлар. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Фотимадан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга равиши, тутуми ва ҳайъ­ати ўхшаш бирон инсонни кўрмаганман (яъни хулқ-атвор, ўзини тутиш ва ишларни тасарруф қилиш жиҳатидан инсонларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшаб кетадигани Фотима эди). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида у зот Фотимани ўринларидан туриб кутиб олар, қўлидан тутиб ўпар ва мажлисларидан жой берардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам унинг ҳузурига борганларида Фотима ҳам ул зотни ўрнидан туриб кутиб олар, қўлларидан тутиб ўпар ва муносиб жой кўрсатарди”.

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарзандлар билан ўрталаридаги муҳаббатни қандай қилиб мустаҳкамлашдан таълим олиб, уни маромига етказиб ҳаётларига татбиқ қилишар эди.

Саҳобалардан бири ҳар куни кечки таом устида фарзандлари билан ўртадаги меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлар эдилар. Бирор кун фарзандлари билан кечки дастурхон устида бирга ўтиришга улгурмай қолсалар қаттиқ маҳзун бўлардилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қоронғи зулматгача ўтирди. Сўнг аҳлига қайтиб борса, кичик болалари ухлаб қолишган экан. Аҳли унга таом келтирди. У бўлса, кичик болалари туфайли таом емасликка қасам ичди. Лекин фикри ўзгариб, таомни еди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, ўшани қилсин ва қасамига каффорат берсин”, дедилар».

Кўриб турганингиздек Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобани ўша иши учун койимадилар, аксинча, унинг фарзандлари учун жонкуярлигини маъқулладилар ва қасами учун каффорат беришини айтдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам фарзандлар билан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш борасида ўзига хос услублари бор эди. Ибн Умар ва ўғли Солим ўрталарида бир ажойиб воқеа содир бўлган. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар бобоси Умар ибн Хаттобга ака-укалари ишида энг ўхшаши эди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ у ҳақида айтади: «Солимнинг замонида аввалги солиҳларга зоҳидликда ва интилувчанликда унга тенг келадигани йўқ эди. (Отаси) Абдуллоҳ ибн Умар ўғли Солимга йўлиққанида унинг қўлини ўпар ва “Шайх шайхни ўпади”, дер эди. Абдуллоҳ ибн Умар, ҳатто Солимга бўлган меҳри учун маломатга қолар, шунда у: “Солимни деб мени маломат қилишар, мен ҳам уларни маломат қиламан. Ахир кўзим ва бурним орасидаги тери Солим-ку”, дер эди. Бу гапидан ўғли билан оралари қанчалик яқин эканини ифода қилмоқчи бўлар эдилар».

Келишмовчилик пайтида ҳам саҳоба ва тобеъинларнинг орани ислоҳ қилишда ўзларига хос тавсиялари бор эди. Айтиш­ларича, бир куни Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўғли Язиддан ғазабланиб койинди. Шунда улуғ тобеъин Аҳнаф ибн Қайс: “Эй мўминлар амири, улар бизнинг болаларимиз, қалбимиз меваси, белимиз таянчику. Биз улар учун гўё ер ва осмондекмиз. Безовта бўлишса, уларни хотиржам қилинг. Бирор нарса истасалар, беринг. Уларга ҳаддан ошиқ қаттиққўллик қилманг. Борлигингиздан безиб, ўлимингизни истаб қолишмасин”, деди. Муовия эса: “Барака топ, Абу Баҳр. Эй йигитча, Язиднинг олдига боргин-да, мендан салом айт. Унга “Мўминлар амири сизни кечирди ва сизга ҳадя беришни тайинлади” дегин”, дедилар. Бу гап Язидга етиб борганида у: “Мўминлар амирининг олдида ким бор эди?” – деди. “Аҳнаф”, дейишди. Язид: “Отамнинг ҳадяларини у билан, албатта, баҳам кўраман”, деди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

Read 663 times

Мақолалар

Top