Мақолалар

Савдогар одамлар билан қандай муомалада бўлиши керак?
  1. Аллоҳнинг ризқига қаноат қилинг, чунки савдонинг баракаси қўлга теккан фойдага қаноат қилиш ва айбини айтиб сотишдадир. Зубайр розияллоҳу анҳудан сўрашди: “Бунча мол-давлатга қандай эришдингиз?” У зот жавоб бердилар: “Фойдани кўзлаб савдо қилмадим ва (маҳсулотимнинг) айбини яширмадим”.

Кўп қасам ичиш ҳам савдодан баракани қочиради.

  1. Савдогар ё яхши, солиҳ инсон бўлади ё фосиқ бўлади! Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан (ҳайит ва жумъа намозлари ўқиладиган) намозгоҳга чиқибдилар. Қарасалар, одамлар савдо қилишаётган экан. Рифоъа розияллоҳу анҳу: “Ҳой савдогарлар”, деб нидо қилган эканлар, одамлар бошларини кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарашибди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Савдогарлар қиёмат куни фожир (гуноҳкор) ҳолда тириладилар, илло Аллоҳдан тақво қилиб, ҳалол савдо қилган ва ростгўй бўлганлар бундан мустасно”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдогарлар фожирлардир”, дедилар. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ахир Аллоҳ савдони ҳалол қилмаганми?!” дейишди. У зот алайҳиссалом жавоб бердилар: “Ҳа шундай, лекин улар ёлғон гапиришади, ёлғон-яшиқ қасамлар ичиб, шу сабаб гуноҳга ботишади”.

Яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ростгўй, омонатдор, мусулмон савдогар қиёматда пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан бирга бўладилар”.

Аллоҳ кимники бирор тижоратига барака бермаса, ундан бошқасига ўтсин. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қуйидагича ривоят қилинади: “Ким бир ишда уч бор тижорат қилса-ю, ҳеч иши ўнгидан келмаса, уни қўйиб, бошқа ишга ўтсин. Кимники бир шаҳарда иши ўхшамаса (ўша шаҳардаги савдоси юрмаса), бошқа шаҳарга ўтсин”.

Ана энди савдодаги одоблар ҳақида келган баъзи ҳадисларни келтириб ўтамиз:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: Бир киши бирон-бир хурмозор ёки мевазор боққа бошқа бир киши билан шерик ҳолда эгалик қилаётган бўлса, уни сотишда шеригининг розилигини сўрасин, розилик берса, сотсин, розилик бермаса, савдодан қайтсин (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилинган қулга ҳомийлик қилмоқ ҳуқуқини сотмоқдан ва ундан воз кечмоқдан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Макка фатҳ қилинган йили ўша ерда туриб: “Аллоҳ ва Унинг элчиси хамр (ароқ), чўчқа гўшти, ўлимтик ва санамларни сотишни ҳаром, деб эълон қилди”, деганларини эшитган эканлар. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ахир ўлимтик мойидан кемаларни мойлашда, териларни бўяшда, ундан чироқ ясаб уйларни ёритишда фойдаланилади-ку”, дейишди. Бунга Набий алайҳиссалом: Йўқ, у ҳаром!, деб қатъий жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг бозорини касод қилмоқ ниятида атайлаб нарх-навони оширмоқни ман этдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни сотиб олиш нияти бўлмаса-да нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирингизга ғазаб қилманг ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 796 times

Мақолалар

Top