Мақолалар

Қимматчилик ризқни тўса олмас

Ўтган асрнинг олтмишинчи саналарида Ҳинд диёрида жуда қимматчилик бўлиб кетди. Одамлар ўша вақтнинг уламоларидан бирининг олдига бориб қимматчиликдан, бозорда нарҳларнинг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетганлигидан шикоят қилишди ва бундан қутилиш чораси ҳақида сўрашди.

Шунда олим уларга шундай жавоб берди: одамлар билан нарсалар Аллоҳнинг наздида гўёки тарозининг икки палласи мисолидирлар. Қачон инсоннинг қадр қиммати Аллоҳнинг наздида иймон ва ихлос ила кўтарилса, нарсаларнинг қиймати тушади. Агар одамларнинг қиймати гуноҳ ва маъсиятлари туфайли Аллоҳнинг наздида қадрсизланса, бошқа нарсаларнинг қиймати кўтарилади, нарҳлари ошиб бораверади. Бас шундай экан, сизлар солиҳ амалларингизни кўпайтиринг, ихлосингизни оширинг, токи Аллоҳнинг наздида қийматингиз ошсин. Шунда бошқа нарсаларнинг нарҳи тушади, бозор арзонлайди.

Ҳеч қачон одамларни камбағалликдан қўрқитманг, бу шайтоннинг ишидир. Ўзингиз сезмаган ҳолингизда шайтоннинг шеригига айланиб қолманг. Аллоҳга қасамки, агар қайсидир денгизнинг қаъридаги бирор силлиқ тошнинг ичида бирор банданинг ризқи яширинган бўлса, албатта у ризқ у ердан чиқарилиб эгасига етказилади. Шуни билингки, қимматчилик Аллоҳнинг сизга ёзган ризқини тўса олмайди. Жонингизни берган Зот нонингизни ҳам етказади. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:

“Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).

Иймон ва тақво ила жамиятда саодат ҳукм суради, фаровонлик бўлади, тўкин сочинлик юзага келади. Қимматчиликни, нарҳ навони ошганлигини ўйлаб ўзингизни қийнаманг, Аллоҳ ризқингизни кафолатлаб қўйган. Балки, ризқ эшикларини очадиган амаллар билан машғул бўлинг, у ҳам бўлса тавба ва истиғфордир.

 Зокир Найк

 

Read 782 times

Мақолалар

Top