Мақолалар

Зулҳижжа ойини аввалги ўн кунида айтиладиган зикрлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

«... Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилинглар», (Ҳаж сураси, 28-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Маълум кунлар»ни зулҳижжанинг аввалги ўн куни, деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бунда (яъни, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида) қилинганидан-да афзалроқ амал йўқ», дедилар. Шунда саҳобалар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳамми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, деб, «лекин бир киши моли ва нафсини хатарга қўйиб кўчага чиқсаю, ҳеч бир нарса билан қайтмаса, ана ўша афзалдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Имом Термизийнинг ривоятида: «Солиҳ амаллар қилинган кунлар ичида зулҳижжа ойини ўн кунидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ кун йўқдир», дедилар, деб келади.

Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Дорамийнинг «Муснад»ларида ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир», деганларида, «Жиҳоддан ҳамми?» дейишди. (Ровий ҳадисни охиригача зикр қилган.)

Амр ибн Шуайб оталаридан, оталари боболаридан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган калималарнинг яхшиси

«Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодир», деб айтишдир», дедилар».

Термизий заиф иснод билан ривоят қилганлар.

Имом Моликнинг «Муватто»ларида эса: «Дуоларнинг афзали арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг айтган калималарининг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ» дир», деб келган.

Имом Молик бу ҳадисни мурсал ҳолатда лафзида ноқислик билан ривоят қилганлар.

Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу арафа куни бир тиланчи одамлардан тиланиб юргани кўриб: «Эй ожиз, бу кунда Аллоҳдан бошқадан ҳам сўраладими?» дедилар.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан олинди.

Read 853 times

Мақолалар

Top