Мақолалар

Тарозингиз қай ҳолатда?

Бир одам айтади: “Мен оғир вазнли эди. Шифокорим менга озишни буюрди. Бир куни торозига чиқиб қараб, қўрқиб кетдим, вазним доим шундай турармикин, ҳеч озмасмикинман ёки аксинча янаям семириб кетармикинман деб ваҳимага тушдим. Бир ойдан кейин яна ўзимни тарозига тортиб кўрдим, қарасам бир килограммга озибман. Кўриб кўзларим қувнаб кетди. Хурсандлигимдан “Аллоҳу акбар, Алҳамдулиллаҳ деб юбордим. Кейин ўйга ботдим, иш бунданда каттароқ бўлиб, шу тарози қиёматдаги амалларим тарозиси бўлганда нима қилардим? Амалларим тортилишини қандай ҳадик ва ҳаяжон билан кўриб турардим? Яхши амалларим вазни оғирроқ бўлармиди ёки ёмон амалларим вазними? Бу жуда дақиқ тарозидирки, энг майда зарралар ҳам унда тортилади: “Биз қиёмат куни учун адолат тарозиларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Бу тарозининг натижаси қоғозга ёзиб менга кўрсатилмайди, китобларда учиб юради, китобимни ё ўнг тарафимдан оламан ёки чап тарафимдан оламан: “Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим, дейдир. Бас, у розилик ҳаётидадир. Олий жаннатдадир. Унинг мевалари яқиндир. Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у, вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди. Ва ҳисоб-китоб қандоқлигини билмасам эди. Қани (бу дунёдаги ўлим) охиргиси бўлса эди” (Ҳаққо сураси, 19-27-оятлар).

Ҳаётдаку вазнингиз ортиб кетганини билсангиз, тезда саъй-ҳаракат қилиб, ширинликлар, ёғли овқатлар ейишни тўхтатиб, спорт билан шуғулланиб озишга ҳаракат қилишингиз ва бунинг уддасидан чиқишингиз мумкин. Лекин охиратда-чи?! Амалларингиз тарозиси ёмон натижа кўрсатаётганини кўрсангиз: “Афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан” (Фажр сураси, 24-оят) дейишдан уёғига ўта олмайсиз.

Шу гуноҳларга қўл урмаганимда эди, гуноҳларни истиғфор айтиб ўчириб юрганимда эди, тилимни, қулоғимни, кўзимни Аллоҳ ҳаром қилган ҳамма нарсадан тийганимда эди, деб қоласиз! Лекин бу ўкинчлар фойда берадими?!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 674 times

Мақолалар

Top