Мақолалар

Саъй қилаётган кишининг таҳорати бузилса

Cавол: Саъй қилишда таҳорати синиб қолган кишига нима вожиб бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Саъй қилаётган кишининг таҳорати бехосдан бузилса, унинг зиммасига бирор каффорат вожиб бўлмайди. Аммо таҳоратсиз саъй қилиш макруҳ бўлади. Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бири бўлган Фатавои Ҳиндия китобида бундай дейилган:

"Саъй асносида таҳоратли бўлиш саъйнинг суннатларидан бўлиб, қасддан таҳоратсиз саъй қилиш макруҳдир. Кимки, таҳоратли ҳолида саъй қила туриб, саъй асносида таҳорати бузилса ва шу ҳолида саъйни охирига етказиб қўйса, саъйи дуруст бўлади (яъни қайтадан саъй қилиши шарт бўлмайди)".

Демак, таҳоратли ҳолда саъй қилиш суннат ва бунга имкон қадар қаттиқ эътибор қаратиш лозим. Бордию, саъй асносида таҳорат бузилса, бу жиноят ҳисобланмайди ва зиммага бирор жазони вожиб қилмайди. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 698 times
Tagged under

Мақолалар

Top