Мақолалар

Гиёҳвандлик иллати

Муқаддас динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди. Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти.

Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир. Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади.

Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.

Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтдилар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирда айрим ўқувчи-ёшлар ва ҳатто ўрта ёшдаги кишилар орасида гиёҳванд моддалардан ташкари психотроп дори воситалари истеъмолига ўрганиш ҳолатлари учрамоқда. Бу дори воситаларида ҳам маст қилиш ва ўргатиб қўйиш хусусияти бор. Кўча-кўйда бундай дориларни истеъмол қилаёттанларни кўриб кўрмасликка олиш, менинг фарзандим бу дориларни истеъмол қилмайди, деб хотиржамликка берилиш асло тўғри эмас. Чунки гиёҳвандлик балоси кенг тарқалса, ҳеч ким фарзандидан хотиржам бўла олмайди. Бу иллатларга амри маъруф наҳйи мункар ёрдамида қарши турайлик.

Маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарли оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадисларнинг ҳукми гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин-секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса катта гунохдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Яна бир ёмон жиҳати шуки, психотроп моддалар истеъмоли сабабли эркакларда оила маъсулияти унутилиб, ўз кайфи билан овора бўлиб қолмоқда. Натижада ёш оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг тирик етим қолиши, улардан туғилган болалар орасида ақлий ва жисмоний ногирон болаларнинг кўпайиш ҳолатлари вужудга келяпти. Бу кўз юмиб бўлмайдиган илмий, исботланган ҳақиқатдир.

Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Инсон ҳаётига хавф туғдирадиган , айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи лозим. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун  зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш  ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Одилжон Нарзуллаев,

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом-хатиби.

 

Read 1759 times

Мақолалар

Top