Мақолалар

Сиз-чи, ишонасизми?

Тасаввур қилинг, икки эгизак онасининг раҳмида суҳбатлашяпти, улар ўртасидаги суҳбат қуйидагича кечмоқда:

Биринчиси:

– Сен туғилгандан кейин ҳаёт борлигига ишонасанми?
  Иккинчиси:

– Албатта, ахир туғилгандан кейин ҳаёт борлигини ҳамма билади-ку. Бу ерда биз ўша ҳаётга тайёрланиш, кучли ва етук бўлиш учун яшаяпмиз.

– Аҳмоқлик! Туғилгандан кейин ҳеч қандай ҳаёт йўқ. У ҳаёт қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур қила оласанми?

– Тўғри, аниқ нима бўлишини айта олмайман. Аммо биламанки, у ерда нур кўп бўлади, шодлик кўп бўлади. Масалан, ўз оғзимиз билан овқатланамиз, бурнимиз билан нафас оламиз.

– Қўйсанг-чи! Бу жуда кулгили-ку! Киндигимиз бор, ўша орқали озиқланамиз, ундан узилсак, ўламиз. Тамом! Ҳозиргача у ердан ҳеч ким қайтиб келмаган. Туғилиш билан ҳаёт тугайди.

– Йўқ, ундай эмас! Тўғри, мен туғруқдан кейин ҳаётимиз айнан қандай бўлишини билмайман, аммо биз онамизни кўрамиз. У бизга ғамхўрлик қилади, парваришлайди, севади.

– Она! Сен онанинг борлигига ишонасанми? Хўш, қани у? Қаерда ўтиради?

– Ҳамма жойда, атрофимизда. У туфайли биз яшаяпмиз. Усиз биз ҳеч киммиз.

– Ғирт аҳмоқлик. Мен ҳеч қандай онани кўрмаганман, демак, у йўқ.

– Йўқ, ундай эмас. Ахир баъзан у бизни силайди, меҳр кўрсатади-ку. Мен асл ҳаётимиз туғилгандан кейин бошланишига ишонаман!

Рус тилидан

Шаҳноза ТЎРАЕВА

 таржимаси

Read 4456 times

Мақолалар

Top