Мақолалар

Уч кунлик дунёми ёки бир кунлик?

Бугуннинг қадрига етинг

Бир донишманд: “Дунё гўё бир уйнинг икки эшиги, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетасан”, деган экан. Чиндан ҳам, умр ғанимат. Уни фойдали ишларга сарфлаб, яхшилик қилиб ўтказсак, икки дунё саодатига эришамиз.

Бу синов дунёси уч кундир: кеча, бугун, эртага.

Улуғлардан бири: “Учкунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир куни ўтиб кетди, яна бир куни келадими-йўқми, Худо билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, ҳаракатдан тўхтама”, деган экан. Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни – ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, улуғлар айтганидек, одамзот ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: (У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва кечиримлидир (Мулк, 2).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарса келишидан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касал бўлишдан бурун саломатликни, фақирликдан бурун бойликни, машғулликдан олдин бўш вақтни ва ўлимдан бурун ҳаётни”, деганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд бундай насиҳат қиладилар: «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое кетишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг».

Лаҳзанинг умри асрга тенг бўлиши мумкин. Умр яшалган фурсат билан эмас, балки ана шу вақт ичида қилинган яхши амаллардан мазмун топади. Шунинг учун ҳам кимнинг қанча яшагани эмас, қандай яшагани эътиборли. Ақлу заковат билан вақтни ҳисоб-китоб қилишга ва уни жиловлашга ҳаракат қиламиз. Аммо ўтаётган вақтнинг зиммамизда ҳақи борлигини ўйлаб кўрмаймиз.

Фан ва техника ривожланган замонимизда узоқни яқин қилувчи уловлар, қулай алоқа воситалари қанчадан-қанча вақтимизни тежайди. Ажабланарлиси, бу имкониятлар қанча кўпайса, вақтимиз камлигидан, улгуролмаётганимиздан шунча кўп шикоят қиламиз.

Ҳасан Басрий айтган экан: “Эй одам боласи, аслида сен кунлар йиғиндисидан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетибди”. Чиндан ҳам, вақт моҳиятини англаш ажойиб фазилат. Улуғ ниятлар йўлида бугундан, айни лаҳзалардан бошлаб ишга киришиш олий ҳиммат белгиси.

Шарифа МИРЗАҲАМДАМОВА,

Тошкент ислом университети

тадқиқотчиси

 

Read 5374 times

Мақолалар

Top