Мақолалар

Неъматлар ҳақида сўзланг

Орзу-истаклар гирдобида хирсу ҳавасга қул бўлганлар ҳаётдан кўп нолийди, қаноатсиз бўлади. Чунки улар Аллоҳ таоло ато этган, айни пайтда ўзлари баҳраманд бўлиб турган неъматлар саноқсиз эканини англамайди. Оддий ичимлик сувини олинг. Кўпчилик уни ҳар куни челаклаб ҳовлига сепади, тарвуз-қовуну чойларини совутиш учун жўмракдан соатлаб оқизиб қўяди. Ана шу исроф қилинаётган сувнинг бир томчиси дунёнинг бошқа жойида яшайдиганлар учун топилмас хазина, тенгсиз неъмат. Шуни билганингизда, сувни қадрлар, тежар эдингиз, дунёдаги сувсизликдан азобланиб яшаётган икки миллиард одамдан бахтли эканингизни англардингиз ва шукр қилардингиз.

Аслида сиз буни билиш ва англаш имконига эгасиз. Чунки сиз ўқий оласиз. Лекин бу ўқий олиш неъматини ҳам қадрламайсиз. Ҳолбуки, мана шу ёзаётганларимни ўқий олишингиз сизнинг ер юзидаги уч ярим миллиард саводсиз инсондан бахтиёр эканингизни кўрсатади.

Ҳозир қанча-қанча мамлакатлар аҳолиси нотинч вазият сабабли туғилган ерини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрибди. Сиз эса уйингизда, тинч-осуда ҳаёт оғушида тирикчилик ташвишлари билан бандсиз. Жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларидан бири зилзиладан катта талофат кўрди, қанча-қанча аҳолиси ҳалок бўлди. Бу ҳолат ҳамма жойда ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида яқиндагина келган кичкина огоҳлантириш балолардан омонлигимизга шукр қилишимиз учун етарли эмасми? Эҳ-ҳе, санайверсак жуда кўп, тансиҳатлик неъмати, хотиржамлик неъмати... Аллоҳ таоло берган неъматларни санаб, саноғига етолмайсиз.

Аллоҳ таоло бу неъматларга сизни, бизни лойиқ кўрди! Биз уларнинг шукрини адо этишимиз ва бошқаларга улар ҳақида сўзлашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло: “Парвардигорингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” деб амр этган (Зуҳо,11).

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5774 times
Tagged under

Мақолалар

Top