Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш – осийлик ва қўрқоқлик

Парвардигори олам Ўзини танитиш учун еру осмонни барпо қилиб, унда барча махлуқот ва мавжудотларни яратди. Шуларнинг ичида инсонни бошқаларидан афзал эканини ва яратганнинг олдида ҳурматли эканини билдириб қўйди. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни (ўзимиз) яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70). 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудодларни бир-биридан афзал қилиб яратган, шуларнинг ичида одам боласини барчасидан мукаррам этганини маълум қилмоқда. Одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши, ҳаракати ва унга берилган ақл неъмати азизу мукаррамликдан далолатдир.

Инсоннинг яралиши ва бу дунёга келиши буюк мўъжиза бўлиб, барчаси Яратганнниг хоҳиш-иродаси биландир. Бу оламда тақдир қилганича яшаб ўтиши ҳам бир мўъжиза. Демак, инсоннинг яралиши, бу дунёда яшаши ва дунёни тарк қилиши Яратганнинг иродаси билан боғлиқ экан, энди инсонлар Унинг бандалари учун  ирода қилган қонунлари ҳам бор эканини билишлари шарт бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳимли зотки, бандаларига зулм қилмас. Бу қонун – диндир! Унга амал қилган бандаларни мусулмон дейилади.  Шу билан инсон бахтли ҳаёт кечиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар.  Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда  (динни маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз,  мушриклардан бўлмангиз» (Рум сураси, 30-31-оятлар).

Аллоҳ таолонинг таълимотида инсонлар ер юзини обод қилиши, эзгу амаллар билан машғул бўлиши, жамиятга манфаатли бўлиши ва берилган неъматларга шукрона қилиб яшашга буюрилган.

Инсонга етадиган баъзи дард, қийинчилик ва мусибатлар бандага синов ёки унинг гуноҳларига каффорот эканини суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтиб ўтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорот қилади”.  

Ҳаётнинг қадрига етмаган, унга берилган неъматнинг шукронасини қилмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози кишиларнинг хатти-ҳаракатлари натижаси  ўз жониган қасд қилиш билан ниҳоя топади. Бу борада динимизда бир қанча ваъидлар баён этилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадулабад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оташида абадулабад ўша темирни қорнига санчиб туради”, дедилар. (Муттафақун алайҳи)

Инсон ўз жонига қасд қилиши Аллоҳнинг қазои қадарига қарши чиқиши, қолаверса, такрор берилмайдиган неъмат ҳисобланган умр неъматига ношукрлик, осийлик, иродасизлик ва мусулмонган хос бўлмаган қўрқоқликдир. Бунга мусулмонлар жиддий эътибор бермоғи лозим. Чунки ҳаётда йўқотилган неъматларнинг барчаси, банданинг тавбаси ва истиғфори билан яна қайтарилиши мумкин, аммо умр неъмати кўтарилса, бошқа қайтиб келмайди. Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузнинг кетма-кет алмашиши каби жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексайишдан олдин ёшликни, касал бўлишдан олдин соғликни, фақир бўлишдан олдин бойликни, банд бўлишдан олдин бўшликни ва ўлимдан олдин ҳаётни”, дедилар. 

Дарҳақиқат, инсон бутун умр давомида Аллоҳнинг розилигини топай, мукофоти жаннатига етай деб яшайди, гарчи гуноҳкор ва хато қилувчи бўлса ҳам. Аллоҳ таоло ҳам бандаси қилган гуноҳларини чин дилдан пушаймон бўлиб тавба қилса, кечиришини ваъда қилган. Аммо, динимиз хатолар ичида бесабрлик сабабли ўз жонига қасд қилишни улкан гуноҳ эканини ва бундай кишилар учун жаннат ҳаром қилинганининг ҳам хабарини берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқни олди-да, қўлини (томири) кесди ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим” деди”, дедиларҲа азизлар, умр – бебаҳо неъмат. Зеро, унинг қадрига етишда ва атрофимиздаги кишиларга бу борада насиҳатчи бўлишимизда биздан шижоат ва жидду жаҳд талаб қилинади.

 

Хайруллоҳ САТТОРОВ,

 Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

Read 4576 times

Мақолалар

Top