Мақолалар

Президент мурожаатномасидан илҳомланиб

Муҳтарам юртбошимизнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига тақдим этган Мурожаатномаси юртимиздаги барча оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат тарихида биринчи марта парламентга Мурожаатномаси бу – нафақат парламентимизга, балки бевосита халқимизга бўлган тарихий мурожаатидир. 

Мурожаатномада юртбошимиз барча соҳалар қатори юртимизда ҳукм сураётган диний эркинлик ва муқаддас ислом дини таълимотини янада ривожлантириш билан боғлиқ баъзи масалаларни ҳам айтиб ўтди, “...бу юртда олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади” деб таъкидлади.

Ҳақиқатан, Ўзбекистон – улуғ аллома ва авлиёлар юрти. Ҳозиргача улуғ бобокалонларимиз қолдирган бебаҳо илмий мероси, дунё кутубхоналарида сақланмоқда, ўрганилмоқда.

Президентимиз буюк аллома ва мутафаккирлар меросини янада пухта ўрганиш, улар қолдирган маънавий меросни тўплаш, жаҳон стандартларига мос равишда сақлаш ва она тилимизга таржима қилиш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берди. Жумладан, ўтган 2017 йилда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказлари ва  Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Имом Бухорий мажмуаси қошида ҳадис ва калом, Бухорода ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси қошида тасаввуф, Қарши шаҳрида Абу Муин мажмуаси қошида ақида, Фарғонада фиқҳ мактаблари ўз фаолиятларини бошлаб, бугунги кунда ушбу мактабларда имом-хатиб ва уларнинг ўринбосарларидан танлов асосида қабул қилинган диний ходимлар махсус дастурлар асосида билимиларини янада оширишаётгани қувонарли ҳолдир.

Юртимиздаги китоб фондларида 100 мингдан ортиқ қадимий қўлёзма ва тошбосма манбалар сақланмоқда. Юртбошимиз айтганидек, ушбу китоблар ҳанузгача ўрганилмаган, тадқиқ этилмаган. Биз исломий билимлардан анча ортда қолган эдик, халқ диндан чўчиб қолган эди. Лекин Ислом инсониятни ҳалоллик, эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган диндир. Ислом бу нурли ҳаёт сари қадам қўйишдир.

Бугунги кунда юртимизда барча шароитларга эга ана шундай марказларда бизга қолдирилган бебаҳо меросни олиб, ўрганиб, таржималари билан шуғулланадиган ёшларни тарбиялаб етиштириш барчамизни бурчимиздир.

Ушбу ноёб манбалардаги ҳадислар ва алломаларимиз ўгитларида Ватан, ота-она, халқ манфаати, инсонларга меҳр-оқибатли бўлиш, етимлар ва мискинларнинг бошини силаш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби инсоний фазилатлар мужассамдир. Биз ўрта асрларда яшаб, ижод қилиб, дунёга довруғ солган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг келажаги буюк ворисларимиз.

Биз муқаддас динимизни ҳар доим ҳимоя қиламиз. Бу йўлда қудратли давлатимиз ва азиз алломалариз қолдирган бой илмий меросга таянамиз.

Давлатимиз биз дин аҳлига шунчалик катта эътибор қаратиб турган бир пайтда бу неъматни қадрига етмаслик ҳам ношукрлик ҳисобланади. Ношукрлик эса бизнинг динимизда қаттиқ қораланади.

Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу илмий муассаса ва мактабларда ўзларининг диний ва дунёвий билимларини ривожлантираётган ҳар-бир киши соф ислом ғояларини очиб бериш, дин ҳеч қачон инсониятни ёвузликка бошламаслигини исботлаб беришдек улкан фазилатларни кўрсатмоғи лозим.

Хулосамиз шуки, жаҳолатга қарши маърифат ва эзгулик билан курашиш ғоясининг нақадар аҳамиятли эканини ич-ичимиздан ҳис қилиб, буни бутун Ўзбекистон ёшлари онги-тафаккурига етказмоғимиз даркор.Буюк Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Read 5712 times

Мақолалар

Top