Мақолалар

Махфий зикр

Аллоҳни зикр қилиш нафсга энг қийин, лекин ажри энг улуғ бўлган амал ҳисобланади. У қалбни сайқаллаштиради, мўминни куфр ва нифоқдан ажратиб туради. Зикр ибодатнинг илиги ва нажот калитидир. Зикрнинг суннатларидан бири махфийликдир. Зеро, махфий зикрнинг фазли жаҳрийсига қараганда етмиш марта кўп бўлади. Бу қуйидаги далилларда ўз исботини топган:

Биринчидан, махфий зикрнинг афзаллигига оятда ишора бор: “Роббингизга тазарру ва махфийлик билан дуо қилинг”.

Иккинчидан, ҳадисларда махфий зикр мақталган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зикрнинг энг яхшиси махфийсидир”, деганлар. Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳу алайҳ шундай ривоят қилади: “Хайбар ғазотидан қайтаётиб, бир водийда тўхтадик. Шунда одамлар овозларини баланд кўтариб такбир айта бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, ўзингизга эрк берманглар, албатта, сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсизлар. Сизлар ўта эшитувчи ва ўта яқин Зотга дуо қиляпсизлар”, дедилар.

Учинчидан, саҳобийлар ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирса одамлар баланд овозда таҳлил айтаётган экан. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизлар бидъатчиларнинг ишини қилмоқдасизлар”, деб, уларни масжиддан чиқариб юборди.

Тўртинчидан, махфий зикр риёдан узоқ ва холи бўлиб, унинг самараси ва фойдаси жаҳрий зикрникидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Махфий зикр Аллоҳ билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳнинг ўзи беради. Жаҳрий зикрда эса риёнинг хавфи кучлироқ бўлади.

Бешинчидан, махфий зикр ўзидан ҳушбўй ҳид ёки нур таратади. Зеро, махфий зикр қилган одамнинг нафаси тавҳид билан чиқади ва хушбўй мушк бўлиб таралади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, аксарият тасаввуф пирлари қаерга борсалар, ўша ерда мушкнинг ҳиди анқиб кетар экан. Ҳатто шундай кароматлар ҳам кўрсатишганки, тариқат пирларининг олган нафаслари нур бўлиб кўриниб турган. Бу махфий зикрнинг самарасидир. Фаришталар ҳам махфий зикрни номаи амолга ушбу хушбўй ҳид ёки нурнинг таралишига қараб ёзиб боришади. Жаҳрий зикрнинг ҳар бир ҳарфига яхшилик ёзилса, махфий зикрнинг нури ёки ҳушбйў ҳидининг ҳар бир заррасига савоб ёзилади.

Олтинчидан, махфий зикр касб билан шуғулланишга ҳам халал бермайди. Чунки у қалбда кечадиган жараён бўлиб, бошқа аъзоларнинг ҳаракатига нуқсон етказмайди. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, агар намоз тугаса, (намозни ўқиб бўлгач) ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқу рўз) истанглар  ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Шояд нажот топурсизлар!” Оятда касб билан шуғулланиш асносида Аллоҳни ҳам зикр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, бир сўз билан айтганда, Нақшбандия тариқатининг “Даст ба кору дил ба Ёр” (“Қўл иш билан, дил Ёр – Аллоҳ билан машғул”) таълимоти айнан шу оятнинг самарасидир. Жаҳрий зикрнинг бу борада имкониятлари нисбатан камроқ. Чунки жаҳрий зикрлар орасида шундайлари борки, вазиятга, атрофдаги одамларга ва бошқа шу каби омилларга қараб бажарилади ёки тарк қилинади. Масалан, ухлаб ётган ёки бирор иш билан машғул бўлиб турган одамнинг олдида Қуръон тиловатини жаҳрий қилиш аксар фақиҳларимизнинг фикрича макруҳ ҳисобланади. Лекин бу ўринларда махфий тиловат қилишга рухсат берилган.

Юқоридаги мулоҳазалардан жаҳрий зикр мутлақо мумкин эмас, деган хулосага келиш ноўрин. Шундай вазиятлар борки, махфий зикрдан кўра жаҳрийси афзал бўлиб қолади. Масалан, зикрни қалбга мустаҳкам жойлаштириш, атрофдагиларни ҳам савобга дохил қилиш, тариқат устози шогирдининг ҳолатини ҳисобга олиб вазифа бериши, қиёматда ўзининг фойдасига гувоҳларни кўпайтиришда ва бошқа шу каби ҳолатларда ният холис бўлиши ва риёдан йироқ бўлиш шарти билан жаҳрий зикр махфийсидан афзал бўлади. Аллоҳу аълам бис соваб.

А.МАЛЛАБОЕВ,

Манбалар хазинаси ходими

Read 7616 times
Tagged under

Мақолалар

Top