Мақолалар

Ота-она норози бўлишининг аломати

Ота-она, уларнинг ризолигини олиш ҳақида гапириш шунчалик оғирки, бундан кўра игна билан чоҳ қазиш осонроқдир. Чунки бу шундай масъулиятли вазифаки, қайси инсон боласи ҳоли ҳаёти давомида бунинг уддасидан чиқа олган, буни фақат Яратганнинг ўзи билади.

Чунки, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанд бўйнидаги бу юкнинг нақадар оғирлигини қуйидаги ҳадиси шарифларида шундай ифода этганлар:

Ҳадис. “Фарзанд ҳеч қандай яхшилик билан отанинг ҳаққини адо қила олмайди. Фақат отасини қул бўлган ҳолатда топса ва уни сотиб олиб, ҳурриятига етиштирсагина ҳаққини адо қилган бўлади.” (Бухорий, “Адаб-ул Муфрад”, Муслим)

Бошқа ҳадис.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бир киши келиб:

“Эй Расулуллоҳ, отам менинг молимни ўзиники қилиб олмоқчи”, дейди. “Сен ҳам молинг ҳам отангнинг молисизлар”, деб буюрдилар. (Ибни Можа)

Қуръони каримнинг 13 та жойида ота-онага яхшилик қилиш, уларга қандай муносабатда бўлиш ҳақида эслатиб ўтилган. Ота-она розилигини олиш, уларга хизмат қилиш ҳақида умумий тушунчаларга эга бўлсакда, намоз ёки рўза каби ибодатларни бажариш учун арконларига риоя этиш қанчалик қатъий талаб этилган бўлса, бу хизматда ҳам айрим жиҳталарни, албатта, ўқиб ўрганиб олиш зарурдир. Нима учун дейсизми? Бу саволларга китобни ўқиш давомида, албатта, етрали мулоҳазаларга эга бўласиз деган умиддамиз. Чунки ота-она розиликларини топиш умр бўйи бажариладиган нозик ва ҳассос хизмат бўлганидан доимий эътиборни, таълим-тарбияни талаб этади. Ҳар бир нафаси имтиҳодан иборат бўлган инсоннинг ҳаётида шундай вазиятлар бўладики, айнан шу лаҳзалар унинг бир умрлик тоат-ибодатига ё салбий ёки ижобий жиҳатдан татигулик бўлиб қолади. Бу хизматнинг нақадар нозиклигини Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу хулосаларидан ҳам билиб олиш қийин эмас:

“Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа ва сенга гапираётганда безовталанишинг ва ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан сўзларни саралаб гапиришни бошласа, демак сен ота-онангга оққ бўлаётганингни билиб қўй!”

Бу танбеҳни бераётган одам ким? Бу зот Имом Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ ал-Марвазийдир. Бу зот ҳақида Абу Ваҳб шундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Муборак ёнидан бир кўзи ожиз киши ўтиб: “Менинг ҳақимга дуо қилишингизни сўрайман”, деди. Абдуллоҳ унинг ҳаққига дуо қилгандилар. Аллоҳ унга кўзини қайтариб берди. Мен эса бу воқеага гувоҳ бўлиб тургандим. 

Демак юқоридаги ҳадиси шариф ва азизларимизнинг хулосаларидан танланган мавзунинг нақадар муҳимлигига, бу борадаги билим ва савимизни ошириш эса ҳар қачонгидан ҳам зарур эканига яна бир бор амин бўлмоқдамиз.

Уламоларимиз ота-онанинг дилини оғритмасдан, айтганларини бажариб, қайтрганларидан қайтиб, улар билан чиройли муносабатда бўлиб, дуои хайрларини олиб юриш ҳам бу дунё ҳам охиратдаги яхшиликларга васила бўлишини маълум қиладилар.

Улуғбек Султоннинг “Ота-онага хизмат қилиш одоблари” китобидан

 

Read 9156 times

Мақолалар

Top