Мақолалар

Ҳар бир инсон зиммасида бурч ва масъулиятлар мавжуд. Жумладан, бу вазифа касбга оид бўлиши мумкин ёки оилавий вазифалар бўлиши мумкин. Масалан, муаллимларнинг зиммасида келажак авлодга таълим бериш бўлса, шифокор беморларга дармон излайди. Оилада оталарнинг ўз бурчлари бўлса, фарзандларнинг ҳам зиммасида ўзига хос масъулиятлар мавжуд. Бироқ, бир касб эгалари борки, уларнинг шарафли хизматлари сабаб ҳар бир касб эгаси, шу юртнинг барча фуқароларининг эркин фаолият юритишида осойишталик муҳим аҳамиятга эгадир.    

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, - деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аъзоларини ҳимоя қилиши энг улуғ ва хайрли амаллар сирасига киради. Юртни асраш, қўриқлаш, Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш эса динимиз таълимотида улкан савобли амал саналади. Бинобарин, шижоатли паллаларини, борингки, ҳаётларини ана шу шарафли бурч учун бахшида қилган ўғлонларнинг хизмати боис элу юрт хотиржам, заминимиз осойишта бўлади, тинчлик ҳукм суради. 

Яна бир муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юрт сарҳадларини қўриқлаш нақадар шарафли, унинг ҳимояси учун кечалари бедор ўтказишнинг савоби қанчалар улуғ эканлигини таъкидлаб: «Кечалари Аллохдан қўрқиб ёш тўкккан кўзни ва Аллох йўлида тунларни посбонлик килиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди», деганлар. Яни бир бошқа ҳадисда: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари (нафл) ибодат килиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир» дея марҳамат қилинади. Ушбу ҳадислар қалбида имони бор ҳар бир мусулмонни сергак торттириши рост, қолаверса, қалбида она юртга бўлган муҳаббатини ҳам зиёда қилади.

Юртимизнинг тинч ва осойишталигида ана шу Ватан ҳимоячиларининг ўрни беқиёсдир. Улар тунни тун демай ҳамиша огоҳ ва сергак сарҳадларни қўриқлаб турибдилар.

Мустақилликка эришган илк йилларда 14 январь санасида Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучларига асос солинди. Айнан шу куни мамлакатимизда “Ватан ҳимоячилари куни” этиб белгиланиб, халқимизда кенг нишонланиб келинмоқда. 

Юртимиз тарихида кўплаб мард ўғлонлар, ватанпарвар аждодларимиз ўтганлиги тарих китобларида қайд этилган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай деган экан: 

     “Урганчни босқинчилардан ҳимоя қилишда байроқ тутиб жон берган Нажмиддин Кубронинг қаҳрамонлигида, дунёни тўфондек босган Чингизхон қўшинига қарши ўн бир йил муттасил мардона кураш олиб борган Жалолиддин Мангубердининг жанговар руҳида, юртимизни истилочилардан озод қилиб, буюк давлат барпо этган Амир Темур бобомизнинг бунёдкорлик салоҳиятида ҳам маънавий жасорат туйғуси буюк ва устувор аҳамият касб этгани шубҳасиз”. Чиндан ҳам, мардлик ва жасорат билан Ватанини ҳимоя қилган аждодларимиз ҳамиша авлодларнинг ёдида эҳтиром билан яшайдилар. 

Шерзод СОЛИЕВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 8049 times
Tagged under

Мақолалар

Top