Мақолалар

Дуо мўминга нажотдир

 “Дуо” арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатади.  Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади:

 

  وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

 

Яъни: Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар                              (Бақара, 186).

 ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

 

“Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф, 55).

 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

 Худди шу маъно Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам))нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо ал Ашъарий р.а.дан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинган:

 

“Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир”, дедилар.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дуо ибодатдир”, дедилар ва (Ғофир сурасининг 60-ояти) “ва Роббингиз: “Менга дуо қилинглар, сизни ижобат  қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.

 

Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига  билдирмоқда. Буни қуйидаги ҳадислар ҳам қувватлайди:

 

قال رسول الله (صعلم) : ليس شيءٌ أكرم على الله تعالى من الدعاءِ

 

Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.

 

قال رسول الله (صعلم) : الدعاءُ مُخُّ العبادةِ

 

“ Дуо ибодатнинг мағзидир”.

 

قال رسول الله (صعلم) : مَنْ لم يسألِ اللهَ يغْضَبْ عليه

 

“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.

 

قال رسول الله (صعلم) : "من فُتح له مِنْكم بابُ الدعاءِ ففُتحتْ له أبوابُ الرحمةِ و ما سُئِلَ اللهُ  شياءً يعنى أحبّ إليه مِنْ أن يُسألَ العافيةَ"

 

“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир”, дедилар”.

  Имом Жазарий дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилганлар, жумладан:

 

– ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги.

 

– Ихлос билан дуо қилиши.

 

         – Таҳоратли бўлиши ва қиблага юзланмоқ.

 

 – Аввал нафл намоз ўқимоқ.

 

– Хайрли ишлар қилиш.

 

– Камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилиш.

 

         – Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиш.

 

– Энг афзал салавот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли...” ва “Аллоҳумма борик...”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.

 

– Қўлларни кўтариб дуо қилиш, дуони қўллари билан юзини силаб тугатиш.

 

– Хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвориш.

 

 – Асмоул ҳуснани – Аллоҳ таолонинг исмларини ўқиб тилак тилаш. Пайғамбарлар ёки солиҳ киишларни васила қилиб дуо қилиш мумкин.

 

– Гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўраш

 

– Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ дуоларни ўқиш

 

– Қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим.

 

– Ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи.

 

       Умид ва қўрқув билан дуо қилиш.

 

Ана шундай одобларга риоя қилмоқ керак ва шуни ҳам унитмаслик керакки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуода  дунё ва охират саодатини тиламоқни тавсия этганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари ижобат бўладиган зотлар қаторида қилсин!

 

Read 11923 times
Tagged under

Мақолалар

Top