Мақолалар

Нақшбандийни этагига солиб зикр қилган инсон ҳақида биласизми?

Нақшбандийни этагига солиб зикр қилган инсон ҳақида биласизми?

Юртимизда зиёрат масканлари кўп. Уларни зиёрат қилиш инсон қалби ва руҳига таскин беради.

Наманган вилоятининг Чодак қишлоғида кўплаб қадамжолар бор. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

Шоҳ Сулаймон - шайхи зинда Али, IX аср бошларидан бу атрофда мусулмончилик илми ва тартибларини тарғиб қилганлардан бири. Ҳазрат Али авлодларидан. Чодакка кираверишдаги Қизилоқ дўнглигида мақбараси мавжуд. Ривоят қилишларича, у киши ғорга тириклай кириб кетган экан. Шунинг учун мозорларини «Шайхи зинда Али» деб аташади. Бир вақтлар ташландиқ ҳолга келиб қолган мақбара ҳозирда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди.

Ҳожа Муҳаммад Самосий. «Самосий» сўзи форсчада, зикр қилувчи, деган маънони билдиради. Самосий Нақшбандийнинг устози ва тутинган отасидир.

Ривоятларга кўра, Ҳожа Муҳаммад Самосий зикр қилиб бораркан, кўчаларнинг бирида тўхтаб, бир эшикка ишора қилиб, «Шу даргоҳда қуёш порлайди», деган эканлар. Орадан бир мунча вақт ўтгач, яна шу эшикни тақиллатиб келиб, «Қуёшни олиб чиқ», деб қичқирибдилар. Дарҳақиқат, оилада янги инсон дунёга келган экан. Отаси олиб чиқиб, уни Ҳожа Муҳаммаднинг этагига солибди. Ҳожа Муҳаммад гўдакнинг пешонасидан ўпиб, болани Баҳовуддин атаб, зикр қилганича, йўлида давом этибди.

Абу Бакр Сиддиқнинг 18-авлоди бўлмиш Мавлоно Лутфуллоҳ Фатҳулло ўғли тахминан 1492-93 йилларда Чодакда туғилган. У кишининг киндик қони тўкилган жойда ҳозир тош уюми бор. Унинг ўртасида бир туп ёнғоқ барқ уриб ўсиб турибди, ҳар йил жуда мўл ҳосил беради. Баландлиги 2-3 метр чамаси келадиган бу уюм марказий асфальт йўлдан ҳам кўриниб туради.

Чодак марказидан ғарбга юрилса, Лангар ариғининг пастида бундан беш юз йил муқаддам арча ёғочи ва хом ғиштдан қурилган (ҳозир пишиқ ғишт билан таъмирланган) бир иморат бор. Бу Мавлононинг уйлари. Уйнинг шарқ тарафида чиллахона, ўртасида рамзий гумбаз ўрнатилган. Ҳовлининг сатҳи йигирма сотих чамаси. Майдончанинг ўртасида Мавлоно Лутфулло ўз қўли билан эккан бир туп олма дарахти бўлиб, халқ орасида «Себи Мавлоно» номи билан машҳур. Айтишларича, бу олма саккиз марта қуриб, яна илдизидан янгиланган экан.

Мавлоно Лутфуллоҳ Самарқандда мадрасада фалсафа, фалакиёт, тиббиёт, жуғрофия, ҳандаса каби фанларни чуқур ўзлаштиради. Кўпгина булоқларнинг кўзини очиб, ариқ қазиш ишларига бошчилик қилади.

Ривоят қилишларича, Мавлоно бир куни яширинча йўлга чиқиб, «Туя тойди» довонидан ўтаётганда полизда куйманиб юрган деҳқонни кўриб қолади. Унга ишора қилиб, «Ҳув, ҳандалакни узиб бер» дейдилар. Деҳқон ажабланади: ахир, хандалак пишиғига ҳали анча бор... Илтимос яна такрорлангач, деҳқон қайрилиб, не кўз билан кўрсинки, бир хандалак ҳалимдай пишиб ётган эмиш. Дарҳол узиб, дарвишнинг қўлига тутқазибди. Ҳазрат деҳқонни дуо қилиб, бир четга ўтиб, ҳандалакни еб турганларида орқадан бир неча муридлар етиб келишибди. Қарасалар, Мавлоно Лутфулло бошига бир туп сада соя солиб, оёқлари остидан янги булоқ чиққан эмиш. Йигитлар Мавлононинг қайтишга ундабдилар.

Наманганнинг Чодак қишлоғида булоқлар кўп. Валихон, Нормирзабулоқ, Хушоб, Токак, Пағдибобо булоқлари шулар сирасидандир. Пағдибобо булоқи ёнида мактаб ўқувчиларининг кўркам дам олиш боғи бор. Бу оромгоҳда ёнғоқзор ва ўрикзорлар барпо этилган бўлиб, доривор ўтлар ҳам кўпайтирилмоқда.

Пағдибобо булоқнинг тепасида, денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда тахминан 10 гектарда «Оқарқара» кўли баҳор ва ёзда тўлиб туради. Сувнинг қаердан, қаерга чиқиб кетишига қизиққан одамлар кўл сувига ранг ташлаб, атрофни кузата бошлашибди. Қай кўз билан кўрсинларки, қизил рангдаги сув 30-35 километр наридаги Қирчин булоқларидан оқиб чиқибди.

Ҳозирда Чодак қишлоғига келган сайёҳлар ана шундай ажойиботларни гувоҳи бўладилар. Чодаксойда фанда “маринка”, маҳаллий халқ тилида эса “ширмоҳи” деб аталадиган бошқа жойларда топилмайдиган балиқ ғужғон ўйнайди. Бу балиқлар 20 йилгача умр кўриб, 60 сантиметр узунликдагилари ҳам учраб туради. Бошқа балиқлар сингари улар ҳам ухламайди, тинч ҳолатда дам олади.

Айтишларича, маринка (ширмоҳи) балиқлари энг тоза сувга мослашган бўлиб, у қўлдан овқат емайди. Тош ковакларига, сув ўтлари орасига

уруғ қўйиб кўпаяди. Бу балиқларнинг халқ тилида “шоҳ балиқ”, “қора балиқ”, “хон балиқ”, “гул моҳи” деган номлари мавжуд. Улар маззаси жиҳатдан жуда ёқимли. Шу кунларда Ҳиндистондан, Германиядан келган сайёҳлар ёзда яна келишни нияти қилиб қайтишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5866 times

Мақолалар

Top