Мақолалар

Қарздан кўнглимизга дарз етмасин

Ҳализамон эсимда: кичкина бола эдим, саҳар мардондан онам уйғотди: “Тур, болам, нон пишди чойингни ичиб ол, қўшнидан олган нон – қарзимизни бериб келасан”, деди. Мен бироз эринчоқлик билан: “Яна бироз ухлай, тушдан сўнг элтиб бераман”, дедим. Онам эса: “Болам, шайтонга бўйин берма, турақол, қарзни тезда узиш керак, бўлмаса яна қарз чақиради”, деди...

Ўша пайтлар бу сўзнинг маъносига тушунмаганман. Аммо кейинчалик қарзнинг нечоғли масъулият, ҳақдор олдидаги улкан бурч эканини англадим.

“Қарз” сўзига ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Маълум муддат ўтгандан кейин қайтариш шарти билан берилган ёки олинган нарса (пул, буюм, ғалла ва ҳ.к.)”, шариатда эса ушбу истилоҳга: “Бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб беришдир”, дея таъриф берилган.

Шариатда қарз масаласи

— Қарз киши фақат кундалик ҳаёти ўтмай мушкул аҳволга тушиб қолгандагина мурожаат қилинадиган муомала бўлиб, бошқа мақсадларда: бойиб кетиш, янада яхшироқ яшаш учун қарз кўтариш тўғри иш эмас, — дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими мудири Ҳомид ИШМАТБЕКОВ. — Кишилар ўртасидаги олди-берди муносабатида фақат қарзга, деб олинсагина қарз ҳисобланади. Буни ўзаро фойда олиш мақсадидаги шерикчилик ишига аралаштирмаслик лозим. Эгасига фойда келтирадиган, манфаат ҳосил бўладиган ҳар қандай мулк қарзга кирмайди. Мулк эгаси қарздордан текинга манфаат исташи, унга ножўя муомала ва хатти-ҳаракатлар қилиши асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз! Ўрталарингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдиргандек ёзишдан бош тортмасин, албатта, ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши айтиб турсин, Рабби бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва ундан бирор нарсани камайтириб ёзмасин! Агар гарданида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш ёки ўта кекса) бўлса, ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги туфайли айтиб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий-вакили адолат билан айтиб турсин! Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёлдир – бири (унутиб) адашганда, иккинчиси эслатади. Гувоҳлар чақирилганда, (келиб гувоҳлик беришдан) бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддатигача ёзиб қўйишдан эринмангиз. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқ (иш)дир. Лекин ўртангиздаги айланма нақд савдо бўлса, уни ёзмаслигингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Ўзаро савдо-сотиқ қилганда ҳам гувоҳ келтиринг! Котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарарланмасин. Агар шундай қилсангиз (зарарлантирсангиз), бу сизнинг фосиқлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (шундай) таълим беради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи Зотдир” (Бақара сураси 282-оят). Абдуллоҳ ибн Абу Робия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва: “Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Шуни ҳам айтиш керакки, шариатимизда қарз беришга тарғиб қилинган, аммо олишга эмас. Бу масалада: қарз олиб, уни бера оламанми, дея охирини ўйлаган ҳолда, ниҳоятда эҳтиёткорона йўл тутиш лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким одамларнинг молларини (қарзга) қайтариш ниятида олса, Аллоҳ уни адо этишида ёрдам беради. Кимки уни йўқ қилиш ниятида олса, Аллоҳ унга талафот етказиб қўяди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Хўш, бугун ҳам одамларимиз томонидан қарз ана шу мақсадларда олиняптими? Афсуски, ҳа, дея олмаймиз. Бугун кўпчилик эътиборсизлик билан қарамоқда. Аксарият кишилар бизнес қиламан, бир сўмимни икки қилиб оламан, деган ниятда қарз кўтаряпти. Агар қарздорнинг иши юришмаса ёки фойда кўрмаса қарзни муддатида қайтармаяпти, айрим ҳолларда ундан тониб кетиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Натижада икки ўртада ихтилофлар юзага келмоқда.

Қарзни қонуний расмийлаштириш тартиби

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари фаолият бошлагани фуқароларимизнинг қарз масаласида дуч келаётган муаммоларини ечишда ҳам айни муддао бўлмоқда.

Ушбу масалада пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Халқ қабулхонасига 2017 йилнинг 8 ойи давомида фуқароларимиз томонидан 36 та мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топган.

Бугун ижтимоий ҳаётимизда қарз олди-берди масаласини нотариал идораларда қайд этиш орқали мулкни кафолатлаш тизими йўлга қўйилган.

— Фуқаролар ўртасида бўладиган ушбу муомала муносабати қарз олди-берди шартномаси орқали расмийлаштирилади, — дейди пойтахтимизнинг Олмазор туман 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Музаффар Қурбонов. — Мазкур шартнома нотариал идора вакиллари гувоҳлигида қарз олди-берди қилаётган томонлар келишган муддатга тузилади. Маълум сабабларга кўра, қарз муддати икки томоннинг розилигига биноан, узайтирилиши мумкин. Агар белгиланган муддатда қарз эгасига мулки қайтариб берилмаса, унинг даъвосига асосан, қарздор фуқаронинг уйига 3 марта огоҳлантириш хати юборилади. Шундан сўнг ҳам қарз қайтарилмаса, нотариал идора томонидан мажбурий ижро бюросига қарзни ундириш бўйича ижро  хати киритилади.

Қарз масаласи бугун жамиятимизда ҳар томонлама қонуний асосга эга бўлиб, ушбу олди-берди муносабатига киришувчилар ҳақ-ҳуқуқлари тўла ҳимояланган.

Қарз муомаласига киришган ҳар иккала томон жамиятимиз ва шариатимиз кўрсатган қонун-қоидаларга бирдек амал қилса, қарз кишиларни бир-биридан узоқлаштирувчи эмас, балки уларни янада яқинлаштирувчи восита бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

журналист.

Read 4819 times

Мақолалар

Top