Мақолалар

Аллоҳнинг синови жон томиримиздан яқин

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳаким Термизий мақбарасига зиёратга бориб, ўша мўътабар масканда туриб Ақтўбеда вафот этган юртдошларимиз учун чуқур қайғуда эканини айтиб, уларнинг яқинларига изҳор этган таъзиясини эшитганда  биз катталарга қўшилиб болаларимиз ҳам йиғлаб юборди.

Ҳақиқатан, бу фожеа бутун Ўзбекистон халқини ларзага солди, йиғламаган кўз, оғримаган қалб қолмади.

Бу мусибатдан кўзларимиз яна бир карра очилгандек бўлди, Аллоҳнинг синови хар қадамда, ҳар дақиқада қаршимиздан чиқишини бизга англатди. Юраги ёнаётган оналарга, бағри куяётган оталарга, жигари қон бўлган опа-сингилларга ҳамдардман, қайғудошман. Раббимиздан марҳумларнинг ортида қолган фарзандларига, ёру вафодорларига, ота-оналарига бундай шиддатли синовга мос сабр бериб, уларни чиройли мукофотлашини сўраб, Қуръон тиловатини қилиб ортидан дуода эканимни бир ожиз банда сифатида изҳор қиламан

Уларнинг не-не орзуларда йўлга отланганини мусофирчиликни бошидан ўтказган инсон сифатида яхши ҳис қиламан. Тўрт-беш сўм пул топиб келсам, уйимни таъмирлайман, қизимни узатаман, ўғлимни уйлайман... эҳҳе, улар яна қанчадан-қанча олижаноб ниятлар билан йўлга чиққан эди. Бунинг ҳисобини бир Худо билар эди, уларнинг ўзлари билар эди, ўзлари билан олиб кетди.

Лекин манзил ўша ергача, умр шу қадар экан, Аллоҳ таолодан уларнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўрайман. Азали бўлиб қолган яқинларига улкан сабр, куч ва уларнинг руҳи шод бўлиши учун бу мусибатга мардонавор туриб беришларини, ана шунда бу мусибатнинг мукофотини Раббим Ўзи мукофотлашини сўраб дуолар қиламан.

Биз бир жон, бир тан, бир халқмиз – сизнинг дардингиз бизнинг дардимиз, сизнинг мусибатингиз бизнинг мусибатимиз, бу ҳамдардлигимни қабул қиласиз деган умиддаман. Раббимиз марҳумларнинг ётган жойларини нурга тўлдириб, Қиёматда шаҳидлик мақомида тирилтирсин.

Қизманой ҲАЙИТОВА,

уй бекаси

Read 3719 times

Мақолалар

Top