Мақолалар

Гўзал хулқ – комилликдир

Гўзал хулқ билан кишининг имони мукаммал бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади”, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўминнинг”, деб жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор бўлган одам даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар ҳам бор. Энг гўзал хулқ эгаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳақларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4). У зотнинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримизнинг ахлоқлари ҳақида сўрашганида: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деб жавоб қилганлар. Шу сабабли у зот барчага ўрнак бўлиб, Аллоҳга яқинликни ва охират саодатини истовчилар учун намуна эдилар. Расулуллоҳнинг гўзал хулқларидан ибрат олганлар улуғ ажр ва мукофотларга эришадилар.

Гўзал хулқ, юксак маънавият аждодларимиздан мерос. Бу эзгу қадрият бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Масалан, йўл четида кўчани кесиб ўтиш учун шайланиб турган кекса отахон ёки онахонларни кўрсак, дарҳол уларга кўмаклашишга уринамиз. Автобусда кетаётган ёшлар ўзидан катталарга жой беришади. Бири-биримизга салом беришимиз, Аллоҳ таолодан тинчлик, раҳмат ва мағфират тилашимиз ҳам чиройли хулқ кўринишларидир. Бу ҳолатлар динимизда инсон қадри нақадар улуғланишига далилдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тунда уйқудан воз кечиб, кўчаларни айланадиган одати бор эди. У киши аҳоли хотиржамлигини ўйлар ва одамларнинг ташвишлари билан яшар эди. Бир куни алламаҳалда бир уйдан ингроқ овози эшитилади. Яқинроқ бориб билса, тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан инграётган, ён-атрофдан ёрдам кутаётган экан. Халифа тез уйига қайтиб, аёлини бошлаб келади. Хотини доялик қилади, ўзи эса кўзи ёриган аёлга овқат пиширади.

Бу динимиз тарихида бўлиб ўтган воқеалардан бири. Унинг замирида инсон тақдири, келажак авлод ҳаётига ғамхўрлик ётгани яхши маълум. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг бундай халқпарварлиги ҳали-ҳанузгача мусулмонлар учун гўзал намуна бўлиб келаётир.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани  “Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5785 times

Мақолалар

Top